Ўзергеодезкадастр маълумотлар базасида қиймати бир сўмлик данғиллама участкалар бор

Жамият 27 Июль 2017 20101

Маълумотларга кўра, ҳозирда, кўплаб фуқароларнинг кадастр ҳужжатларида ноаниқлик мавжуд. Оқибатда уларнинг тасарруфидаги ер майдонлари солиқ базасига киритилмаган. ХПКнинг солиқ масалаларига бағишланган сессиясида айни масала ҳам модератор ва спикерлар эътиборидан четда қолмади. 

“Бу ҳам муҳим масала. Биз яхши ишлаётган тадбиркорни бориб текшираверамиз. Бориб босаверамиз. Бир хил бойвачча тадбиркорлар бор, Ўзбекистонда ер арзон бўлгани учун ер участкасини сотиб олган, неварасига олиб қўйган, ундан фойдаланмайди, йиллаб ётади. Нега уни қайтариб олиш чорасини кўрмаймиз? Нега ерни қиммат қилиб қўймаймиз?

Бизда Ергеодезкадастр бор. Мана масалан, Тошкент шаҳрида ҳаммаёқда қурилиш ишлари, бунёдкорлик бўлмоқда. Катта-катта1,5-2 минг кв.м. майдондаги иморатлар қуради, бориб гаплашади-келишади, тўғри бунга шахсан гувоҳ бўлмаганман, аммо тахмин қиламиз, озгина, бир-икки сўмини беради-да, 200-300 кв.м. қилади. Шу билан солиқ базаси камаяди. Шундай нарсалар ҳам бор ҳаётда афсуски, бу ҳақда ҳам очиқ гаплашиш керак”, - деди модератор Қудратхўжаев.

У шу мавзуда Ергеодезкадастр вакилига мурожаат қилди. “Сизлар солиқчилар билан қандай ишлаяпсизлар ва бу муаммолар қачон текширилади?”

Ўзергеодезкадастр бошқарма бошлиғи Дилором Ризаева бу борада қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда 5 млн 400 мингдан ортиқ кўчмас мулк ҳақидагии маълумотлар базаси ташкил этилгани ва ҳар куни янгиланиб борилаётганини билдирди.

 “Биз икки йилдан бери Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ҳукумат топшириғига асосан кўчмас мулк, ер участкалари бино-иншоотларни тўла хатловдан ўтказиш ишларини амалга оширдик. Ҳозирда, бу ҳақдаги маълумотларни онлайн режимида ҳар куни янгиланиб бориши ташкил этилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 6 млндан ортиқ кўчмас мулк объектлари аниқланди. Шундан 5 млн 400 мингдан ортиғи онлайн тартибда тақдим этилган. Хатловдан ўтказиш чоғида ўзбошимча эгалланган ерлар аниқланди. Йиллар давомида фермер хўжаликлар ёки маҳаллалар ноқонуний, ҳужжатсиз, ҳокимнинг қарорисиз бўш турган ерларни фуқароларга ажратиб бергани аниқланди. Бу керакли органлар билан бирга солиқ органларига тақдим этилаяпти. Бу бўйича Давлат солиқ идоралари томонидан Солиқ кодексида белгиланган тартибда жарималар солиш жараёни амалга оширилаяпти. 

Фото:  Дилором Ризаева

Бўш турган, фойдаланилмаётган ёки ноқонуний ер участкаларини эгаллаб олиш билан боғлиқ ҳолатларда уларни бузиш, қайтариб олиш каби масалалар суд органлари қарорига асосан ҳал этилиши керак. Шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, солиқчининг ахборотида 6 сотих қайд этилган ер майдони аслида 12 сотих экани аниқланди”, - деди Дилором Ризаева. 

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев бу мавзуда фикрлари билан ўртоқлашиб, мазкур масалада Ергеодезкадастрнинг ўрни муҳимлигини, аммо баъзи ҳолларда Ергеодезкадастр ва солиқ идораларидаги солиқ тортиш қийматлари нотўғри экани аниқланган. 

Фото:  Назарали Норбоев

“Ер ва кўчмас мулк майдонига солинадиган солиқ Ергеодезкадастр томонидан белгилаб берган рақамларга асосланади. Шунга кўра, бу ташкилотнинг солиқ солиш базасини аниқлашдаги аҳамияти жуда катта. Бугунги кунда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер майдонлари ва мол-мулк қийматини аниқлаш бўйича ялпи хатлов, инвентаризация ўтказилаяпти. Бугунги солиқ ва кадастр органлари ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Аммо, ҳануз камчиликлар кўп. Сабаби қайта хатловдан ўтказилгандан кейин берилаётган маълумотларда кўплаб ноаниқликларга дуч келинмоқда. Буни биз Ергеодезкадастр идоралари билан қайтадан аниқламоқдамиз. Аммо, вилоятларда шундай жойлар борки, данғиллама участка, аммо кадастр идораси базасида 1 сўм қийматида нархланган мулклар ҳам бор”, - деди Назарали Норбоев. 

Кўпроқ янгиликлар