Бирлашган араб амирликларининг машҳур Etihad авиакомпанияси 2016 йилга доир молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, компания ўтган йили 1.87 млрд доллар йўқотган. Компания бундай катта миқдорда зарар кўришга «нархларни арзонлаштириш орқали бир марталик зарарлар ва хеджлаш учун қўлланилган йўқотишлар» сабаб эканини айтмоқда.

Қароргоҳи Абу Дабида жойлашган авиакомпаниянинг бу каби йирик миқдорда зарар кўришига, шунингдек, Қатар билан дипломатик муносабатларни узиш билан боғлиқ иқтисодий қамал ва Америка президенти Дональд Трамп маъмуриятининг 6 мусулмон мамлакатидан сайёҳлар келишига ўрнатган тақиқи ҳам ўзининг салбий ҳиссасини қўшган.

Etihad йўқотишларига сабаблардан бири авиакомпания бош директори Жеймс Ҳоганнинг курсисини тарк этиши билан ҳам боғлиқ. У бир неча йиллар мобайнида компанияни бошқарар экан, кўплаб йўналишлар бўйича парвоз ҳуқуқларини харид қилар эди. Шу билан компания Европадан Австралияга парвозларни амалга оширувчи бошқа рақобатчи компаниялар нархларининг тушишига туртки берган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 1,06 млрд доллар арзон нархлардаги йўналишлардан, 808 млн доллар миқдоридаги зарар эса, асосан, Alitalia ва Air Berlin каби ҳамкорлар билан боғлиқ молиявий харажатлар ва таваккалчиликлардан кўрилган. 

«2016 йилда турли омилларнинг кучайиши шундай натижаларга сабаб бўлди», - деган Etihad Aviation Group раиси Муҳаммад Муборак Фадхал ал Мазруий. 

Etihad авиакомпанияси янги бош директори Питер Баумгартнер эса натижалар янада ёмонроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган. 

Etihad дунё бўйлаб 110 дан ортиқ йўловчи ва юк ташиш йўналишларида парвозларни амалга оширади. Унинг самолётлар паркида 120 дан ортиқ Airbus ва Boeing ҳаво лайнерлари бор.