Испания бош вазири Мариано Рахой жума куни Конституциявий судда Каталония ҳукуматининг мамлакатнинг ушбу минтақаси мустақиллиги бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорига эътироз билдирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

"1 октябрь куни референдум бўлмайди, - дея маълум қилди Мариано Рахой Мадриддаги матбуот анжуманида. – Ҳукумат судга мурожаат қилиб, қонунга риоя этиш бўйича ўз мажбуриятини бажармоқда". Испания бош вазирининг эслатишича, Конституциявий суд Каталония ҳукуматининг плебисцитни (жуда муҳим масалани ҳал қилишни умумхалқ овозига қўйиш) ўтказиш бўйича аввалги ташаббусларининг ноқонуний экани ҳақида қарор қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, Каталония – Испания шимоли-шарқидаги мухтор вилоят. Сўнгги йилларда бу минтақада айирмачилик кайфияти анча ошди. Ўтган йилнинг 6 октябрь куни вилоят парламенти Испания таркибидан чиқиш тўғрисида референдум ўтказиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллади. Шундан сўнг Конституциявий суд ушбу ҳужжатни бекор қилди. Бироқ, мухтор вилоят раҳбари Карлес Пучдемон июнь ойи бошида мустақиллик ҳақидаги референдум 1 октябрь куни ўтказилиши ҳақида айтиб ўтган.