Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ижарада, қариндоши ёки танишининг уйида яшовчи талабаларни рўйхатга олиш тартибининг қулай ва соддалаштирилган шаклини ишлаб чиқади ва икки ой муддатда амалиётга жорий қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази мамлакатимизда ижтимоий соғлом муҳитни шакллантириш, ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини жорий этиш, шахснинг маънавий камол топишини психологик қўллаб-қувватланишини таъминлаш, соҳа мутахассисларининг психологик билим ва кўникмаларини шакллантириш, мазкур жараёнларнинг илмий-амалий асосларини яратиш ва методик таъминотини ишлаб чиқиш ҳамда жамиятда психологик билимларни кенг тарғиб этиш мақсадида Тошкент давлат педагогика университети таркибида Психология ўқув-илмий марказини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклиф киритади. 

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юкланди.