Қаҳрамон Қуронбоев: “Ёш раҳбарларнинг мамлакат бошқарув тузилмаларига келиши ижтимоий ҳаётга таъсир кўрсатади”

Жамият 28 Июль 2017 4718

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 июль куни “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги тарихий фармонни имзолади. Шу кундан эътиборан мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати билан шуғулланадиган янги тузилма – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолият бошлади. ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан суҳбатлашди. 

“Ҳамма нарса бошида қийин. Ёшлар ёшларга таъсир кўрсатадиган, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган, ўзлари ўзларига кўмак, далда беришига имкон яратиш вақти келди. Президентимиз Ёшлар иттифоқи таркибида Ёш олимлар уюшмаси, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази каби тузилмаларни ташкил этишни таклиф қилганида мана шу ғоядан келиб чиққан эди”, - деди Қ.Қуронбоев. - “Албатта, Иттифоқ янги уюшмаларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб, ишини мувофиқлаштириб боради. Қолаверса, ҳар бирига улар билан бевосита ишлайдиган ҳукумат аъзолари ҳам бириктириб қўйилиши унинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Масалан, таълим тизимидаги ёшлар билан Бош вазир, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълими вазирлари, ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Бош вазир ўринбосари ва Савдо-саноат палатаси раиси, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш билан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ва маданият вазири доимий иш олиб бориши белгиланди”. 

“Президентимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак, дея алоҳида таъкидлади. Фидойи ёш раҳбарларнинг мамлакат бошқарув тузилмаларига келиши чинакамига янгича руҳ, янгича нафас олиб келади ва бутун ижтимоий ҳаётга таъсир кўрсатади. Бу йўлда дастлабки амалий қадам ташланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилмоқда. Бу институт нафақат билимли, ташаббускор ва ташкилотчи кадрлар захирасини, балки ёшлар муаммоларини ўрганишнинг бутун бошли бир тизимини яратади. Демак, юқорида айтилганидек, ёшларни қийнаётган муаммолар нафақат жойида ҳал этилади, балки улар илмий асосланган тарзда ўрганилади, мониторинг қилинади ва келгусида бундай муаммоларни жамиятимиздан бутунлай супуриб ташлаш имконияти пайдо бўлади”, - дея таъкидлади Қ.Қуронбоев.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг маълум қилишича, Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида «ёшлар етакчиси» вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

Кўпроқ янгиликлар