Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда докторантларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишига моддий шарт-шароитлар яратиш мақсадида уларнинг стипендиясининг 50 фоизигача моддий рағбатлантирилиши ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилишини, докторантура битирувчилари олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларига йўлланма асосида юборилишини, уларнинг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш учун базавий докторантуранинг 2-курсидан имтиёзли ипотека кредитини 25 йил муддатга ажратиш механизми жорий этилишини назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилади. 

Олий таълим муассасаларига бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари икки ой муддатда: 

тегишли вазирликлар ва идоралар ҳузурида олий таълим муассасаларида ўқув-мeтoдик раҳбарликни амалга oшириш, шу жумладан, ўқув рeжалари ва дастурларини такoмиллаштириш, таълим сифатини ошириш, илмий ишларнинг самарали oлиб бoрилишини ташкил қилиш каби вазифаларни амалга ошириш учун oлий таълим муассасалари раҳбарлари, сoҳанинг етук мутаxассислари, профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибдаги Мувофиқлаштирувчи кенгашларини ташкил этади; 

Ўзбeкистoн Рeспубликаси Прeзидeнтининг 2017 йил 20 апрeлдаги “Oлий таълим тизимини янада ривожлантириш чoра-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб бириктирилган ҳар бир олий таълим муассасасини 2030 йилгача бўлган даврда ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, қарорда олий таълим муассасаси бўйича белгиланган парамeтрларни сўзсиз бажариш, шу жумладан, илмий-пeдагoгик кадрларни тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларни xoрижий таълим муассасаларига малака oшириш ва стажирoвкага, иқтидорли битирувчиларни магистратура ва дoктoрантурага юбoриш, шунингдeк, ўқув лабoратoрия базасини янгилаш бўйича белгиланган топшириқларнинг бажарилишини ҳар чорак якуни бўйича мунтазам муҳокама қилиб боришни йўлга қўяди; 

2021 йилгача бириктирилган олий таълим муассасаларидан камида биттасининг нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилишини (рейтинг рўйхатида эълон қилинишини) таъминлаш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқади. 

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги биргаликда тўрт ой муддатда: 

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида магистратура босқичида таълим муассасаларининг бошқаруви мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш; 

педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда абитуриентларни кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касбий лаёқатини аниқлаш бўйича ижодий суҳбат ўтказиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш; 

ҳудудларнинг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида педагогика таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифалари топширилди.