Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига 40 дан ортиқ номзод президентлик сайловларида иштирок этиш бўйича ариза юборди. Бу ҳақда РИА Новости республика МСК матбуот хизмати вакилига асосан хабар берган.

Қирғизистонда 15 октябрга белгиланган президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзодларни илгари суриш давом этмоқда. Олий давлат лавозими учун даъвогарлар рўйхатдан ўтиш учун аҳолининг 30 минг имзосини йиғиши ва МСК ҳисоб рақамига тахминан 15 минг доллар миқдоридаги сайлов пулини тўлаши лозим. Номзодларни илгари суриш 31 августга қадар давом этади.

"Бугунги кунга келиб, Марказий сайлов комиссиясига 33 фуқародан ариза келиб тушди, шунингдек, сиёсий партиялар 8 нафар номзодини илгари сурди", - дея хабар қилган агентлик суҳбатдоши.

Номзодларни тил бўйича тестдан ўтказиш 26 июль куни бошланди ҳамда бу борада биринчи можаро ҳам юз берди. Парламентдаги “Ота-Макон” мухолифат партияси етакчи Омурбек Текебаев тестга коррупцияда гумонланганлик бўйича жиноий иш доирасида тергов изоляторида қолаётгани туфайли келмаган. Шунингдек, тергов изоляторида мамлакатнинг олий лавозими учун даъвогар бўлган яна уч номзод бор. Республика нодавлат ташкилотлари ҳукуматга ёқмайдиган номзодлар танлов ҳуқуқини амалга ошира олмаслигидан ташвишда эканини билдирди ва МСКдан пойганинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар билан таъминлашни талаб қилди.

Қирғизистон конституциясига кўра, мамлакат президенти битта олти йиллик муддатга сайланади. Бир киши ўз ҳаёти давомида фақатгина бир марта олий лавозимни эгаллаши мумкин. Амалдаги давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевнинг президентлик муддати жорий йилнинг 1 декабрь куни якунига етади.