Умуман мавҳумлик ёмон нарса. Эгаллаган касбингда эртага нима бўлиши ва  сени нима кутаётганини билмаслик киши руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. 

Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари жуда ноқулай ҳолатда қолган. Ахир, эртага августь - ёзнинг сўнги ойи... Кўз очиб юмгунча эса янги ўқув йили бошланади. Ўтган йиллар давомида худди шу пайт гуруҳларни шакллантириб, ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказган муаллимлар, ишлаб чиқариш усталари аро йўлда қолган таълим йўналишида содир бўлаётган воқеаларни тушуна олмай ҳалак.

“Коллеж-мактаб” мавзусида жуда кўплаб мақолалар чоп этилиб, омма муҳокамасига берилди. Соҳа мутасаддилари расмий жавоб ҳам қайтаришди. “Жавобмисан-жавоб”. Элитар кишилар учун: “Мағзини чақиб ол!”, деган умумий гаплар жамланмаси.

Вилоятлардаги касб-ҳунар коллежлари бошқармалари тизим орқали бериладиган топшириқларга биноан иш юритади. Мазкур бошқармага қилинган мурожаатларга тузук-қуруқ жавоб ололмаяпмиз.

Энг қийини коллеждаги биринчи курсларга умумтаълим фанидан дарс берадиган ўқитувчиларга бўлди. Улар: “Янги иш жойи қидирайликми ёки коллежда ишни давом эттирамизми?”, деган саволни кимга беришни билишмаяпти.

“Мен, Марғилон маиший хизмат коллежида умумтаълим фанидан дарс бераман. Муассасамизга 200 нафар ўқувчи ҳужжат топширган эди. Умумий таълим мактаблари вакиллари ота-оналарга: “Коллежларни тугатиш ҳақида янги қарор чиқди. Фарзандларингизни ҳужжатларини мактабга қайта олиб келинглар”, деб ташвиқот қилгани учун 125 нафар бола ҳужжатларини қайтариб олиб кетди. Энг қийини бизга бўлди, кўнглимиз бузилиб турибди. Иш ахтарайликми ёки йўқ?”, дейилади бир мурожаатда. 

Водийнинг яна бир вилояти коллежи ўқитувчисидан (исм-шарифи ва иш жойини сир сақлашни сўради) келган арзни айнан келтирамиз: “Барча коллежлардан мактаб битирувчиларининг ҳужжатлари мажбуран олиб кетилмокда. Мактаб ўкитувчилари ота-оналарнинг уйига бориб: "Бугун биз билан бориб,  коллеждан ҳужжатларни олиб берасизлар, коллежлар ёпилди, диплом берилмайди. Бу президентнинг фармони. Агар бўйсунмасангиз жиноий жавобгарликка тортиласизлар", деб нотўғри ташвиқот олиб бориляпти. Бу ишларга вилоят раҳбарлари мажбур қиляпти, чоғи. Мен ишлайдиган коллеж эълонлар доскасига маъмурият томонидан: "Ҳурматли умумтаълим фани ўқитувчилари! Мактабларда 10-синф очилгани учун мактаблардан иш излашингизни маълум киламиз. Бизда гуруҳлар очилмайди ва дарс соатлари йўқ" мазмунидаги эълонлар осиб қўйилди. Аниқ биламанки, бизнинг коллежда 400 та ўқувчининг ҳужжати турибди. 

Ахир президентимиз синов тариқасида айрим мактабларда 10-синфларни очамиз, деб айтган-ку? Ота-она ва мактаб битирувчилар ҳам норози, коллеждаги педагоглар ҳам сарсон бўлиб юрибди. Жойлардаги ҳолатларга ойдинлик киритиб, амалий ёрдам беришингларни сурайман”.

Бутун бошли Ўзбекистон келажагини ўйлаш маъсулияти юкланган мутасаддилар, ўқув йили бошланишига жуда оз фурсат қолаётган бир пайтда юқоридаги саволларга жўяли жавоб берсалар бўлар эди. 

Агар республикада 11 йиллик таълим устувор бўладиган бўлса, барча мактабларда 10-синф ўқувчиларига дарс берувчи педагоглар жамоасини шакллантиришни бошлаш керак эмасми?  9-синф битирувчилари доимгидек коллежларда ўқишни давом эттирса, касб-ҳунар коллежлари янги ўқув йилига тадоригини бошласин.

Такрорлаш жоизки, янги ўқув йилига жуда оз вақт қолди. Фарзандларининг қаерда таълим олишини билишни истаётган ота-оналар сарсон бўлмаслиги керак.

Мазкур мавзу жуда долзарб. Сабаби, ўша ёш авлод таълим олишни бошлайдиган (коллеж ёки мактаб) парталарида Ўзбекистоннинг эртанги куни масаласи турибди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон