Гарчи аввалроқ Қозоғистон 2025 йилгача лотин имлосига асосланган қозоқ алифбосига ўтиши хабар қилинган бўлса-да, жараён тезлаштириладиганга ўхшаяпти.

2017 йил сўнгига қадар Қозоғистонда қозоқ тилининг ягона лотинча алифбосини қабул қилиш кутилмоқда. Бу ҳақда 26 июль куни Қозоғистон маориф вазири Ерлан Сагадиев хабар қилган, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Лотин алифбосига ўтиш ҳақида тўхталсам. Бу ўта муҳим лойиҳа. Бу ерда эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қилиш, хатога йўл қўймаслик керак. Бу йил қилишимиз мумкин бўлган ягона иш — барчани қониқтирадиган алифбони қабул қилиш. Бунинг учун бир неча вариантлар тайёрланиб, муҳокамадан ўтказилиб, улардан бирортасини қабул қилиб, сўнгра лотинча имлога ўтиш борасидаги режаларни қуришимиз керак. Бунинг учун махсус комиссия тузилган ва у иш олиб бормоқда», — деган вазир.

23 июнь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тилини лотинча имлога ўтказишни чўзиб ўтиришдан маъни йўқлигини эълон қилган эди.

«Биз буни тузатиш учун ишга киришдик. Қозоқ тилини лотинчага ўтказиш бизни янада жипслаштиради. Мен ўз мурожаатимда 2025 йилгача муддат белгилаган эдим, лекин бу жараённи чўзиш учун асос кўрмаяпман», — деган Қозоғистон президенти.

Бунгача Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев қирғизлар бундан ўрнак олмаслиги кераклигини таъкидлаб ўтган эди. «Биз ўзимизда мавжуд нарсадан воз кечмаслигимиз керак. Агар ниманидир ўзгартирадиган бўлсак, бизда қадимдан ўз ёзувимиз бўлган: руний ёзуви — битик қирғиз тилига кўпроқ мос келади. Лекин биз кирилл имлосини сақлаб қолишимиз керак», — деган эди Атамбоев.