Олий маълумотли мутахассисларни тайёрлашда иқтисодиёт соҳалари иштироки янада кенгаяди

Ўзбекистон 28 Июль 2017 5048

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорда қайд этилишича, республика ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни ўз вақтида зарур ихтисосликлар бўйича иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш, олий таълим мазмунини бевосита корхоналар, муассасалардаги техника, технология, ишлаб чиқариш муносабатларига ҳамда истиқболли ривожланиш дастурларига мувофиқ шакллантириш, кадрларни эгаллаган касби ва мутахасcислиги бўйича ишга жойлаштиришга доир қатор долзарб масалалар тўлиқ ечимини топмаган. 

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича қўмитаси (UNESCO) ва консалтинг ташкилоти (DGP Research & Consulting) ҳамкорлигида жалб қилинган нуфузли хорижий экспертлар гуруҳи томонидан 2017 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси таълим тизимини комплекс ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижалари асосида берилган хулосаларда олий таълим жараёнида назария ва амалиёт яхлитлиги таъминланмаганлиги, талабаларнинг малакавий амалиётларини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш самарали ташкил этилмагани оқибатида битирувчиларнинг аксарият қисми тайёр мутахассис бўлиб чиқиш ўрнига, ишга жойлашгандан кейин қайтадан ўз касбини, мутахассислигини ўрганаётганлиги, шунингдек, таълим сифатини назорат қилиш механизми замонавий талабларга жавоб бермаслиги, таълим муассасаларида малакали педагог ва бошқарув кадрларининг етишмаслиги, хорижий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмаганлиги каби камчиликлар қайд этилган. 

Бундан ташқари, иқтисодиёт соҳаларининг истиқболда кадрлар тайёрлашга буюртмаларини шакллантириш, битирувчиларга қўйиладиган малакавий талабларни ишлаб чиқиш, тармоққа зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш сифатини таъминлаш жараёнидаги иштироки талабга жавоб бермайди. Олий таълим дастурларининг ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига ҳамоҳанглигини таъминлаш учун иш берувчилар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмаяпти. 

Олий таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш ўртасида узилишлар мавжуд, интеграция таъминланмаган. Илмий-тадқиқот институтлари олий таълимда кадрлар тайёрлаш жараёнига зарур даражада жалб этилмаган, уларда илмий изланишлар иқтисодиёт соҳаларининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқмасдан амалга оширилмоқда. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларнинг тизимли тайёрланмаслиги олий таълим муассасалари илмий салоҳиятининг пасайишига олиб келмоқда. 

Хорижий экспертлар гуруҳи томонидан таклиф этилган тавсияларни инобатга олган ҳолда олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш орқали республика олий таълим тизимида юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг мазмунини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти истиқболлари, жамият эҳтиёжлари, илм-фан, маданият, техника ва технологияларнинг замонавий ютуқларидан келиб чиққан ҳолда тубдан такомиллаштириш мақсадида: 

Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5121-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 515-сон қарори қабул қилинди.

Иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларини олий таълим тизимидаги кадрлар тайёрлаш жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун республика олий таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Бош вазирнинг ўринбосарлари – комплекс раҳбарлари, мутасадди раҳбарларга тармоқ(соҳа)лар бўйича тегишлигига кўра 1-иловага мувофиқ бириктирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўрадилар: 

бир ой муддатда кадрлар буюртмачилари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш мазмуни, битирувчиларнинг билим ва кўникмасига қўйиладиган талабларни мужассамлаштирувчи олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг малакавий талаблари, ўқув режалари ва дастурларини соҳа эҳтиёжидан келиб чиқиб, янгидан ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш; 

ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларининг мутахассислар тайёрлаш сифатига бўлган талабларини бевосита таълим мазмунини шакллантириш билан шуғулланадиган олий таълим муассасалари профиль кафедраларининг профессор-ўқитувчилари томонидан тизимли ўрганиб борилишини ташкил этиш мақсадида стажировкалар жорий қилиш; 

жорий йилнинг 1 сентябригача ривожланган хорижий давлатларнинг энг илғор тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда ўқув режалари ва фан дастурлари, ўқув адабиётлари, шу жумладан, ўқув-методик комплексларининг халқаро стандартлар асосида замонавий, мутлақо янги талаблар асосида ишлаб чиқилиши ва босқичма-босқич жорий этилишини ташкил қилиш; 

олти ой муддатда комплекслар таркибидаги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли тармоқ (соҳа) ҳамда ҳудудларнинг жорий ва истиқболли ривожланиш дастурларини ҳисобга олиб, олий малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни йиллар кесимида аниқ манзилли, касб ва таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларини кўрсатган ҳолда, аниқ баланс берадиган ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқиш; 

олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишлари бўйича ҳар бир талабасининг 2-курсдан бошлаб тегишли тармоқ (соҳа)нинг муайян ташкилотлари ва корхоналарида малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказилишини, шунингдек, уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш; 

ишлаб чиқариш, илм-фан ва таълим ўртасида интеграцияни чуқурлаштириш учун комплекслар таркибидаги вазирликлар ва идораларга қарашли тармоқлар (соҳалар)ни илмий-техник ривожлантириш йўналишлари муаммоларига бағишланган мавзулар базасини шакллантириш ҳамда бу муаммоларни олий таълим муассасалари билан хўжалик шартномалари тузган ҳолда ҳал этишга уларнинг илмий салоҳиятини, айниқса, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни тизимли тарзда жалб этиш; 

иқтидорли ёш педагоглар ва докторантларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тажриба орттиришга юбориш, улар учун махсус стипендиялар таъсис этиш, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабаларининг халқаро тажриба алмашинувларини ташкил этиш орқали илмий ва педагогик салоҳиятини ошириш; 

ўқитишнинг замонавий шакллари ва методларини, компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини таълим жараёнига жорий этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-лаборатория анжомлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, олий таълим муассасаларининг замонавий илмий лабораторияларини ташкил этиш ва ривожлантириш чораларини кўриш; 

ҳар ойда Комплекс раҳбари, тегишли вазирлик ва идора раҳбари бириктирилган ҳар бир олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан тармоққа (соҳага) оид янгиликлар, ривожлантириш истиқболлари, таълим мазмунини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш юзасидан учрашувлар ўтказиб бориш.  

Олий таълим муассасаларида таълим сифатини таъминлаш борасида ўқув йили давомида амалга ошириладиган ҳаракатларнинг намунавий режаси (Йўл харитаси) 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари таркибидаги вазирликлар ва идораларнинг олий маълумотли кадрлар тайёрлаш юзасидан буюртмаларни шакллантириш, тасарруфидаги олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш ҳамда тизимдаги корхоналар ва ташкилотларда талабалар амалиётларини ўтказиш, илмий ишларни ҳамкорликда бажариш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқланади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга қуйидаги вазифалар юкланди: 

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир олий таълим муассасасида барча курсларда камида 2 та гуруҳда мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитишни босқичма-босқич ташкил этиш, инглиз тилида дарс ўтадиган профессор-ўқитувчиларни мақсадли тайёрлаш, уларнинг хорижда тегишли тайёргарликдан ўтишини ташкил этиш, шунингдек, ўқув машғулотларини олиб боришга хорижий мутахассисларни жалб қилиш, машғулотларни ривожланган давлатлар олий таълим муассасаларида бугунги кунда фойдаланилаётган замонавий ўқув адабиётлари асосида ўтилишини йўлга қўйиш; 

истиқболли илмий-педагогик кадрларни, биринчи навбатда, муҳандислик-техника ва архитектура таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари педагогларининг ривожланган давлатлар, хусусан, Жанубий Корея, Япония ва Германияда 2-3 ойлик курсларда ўзаро ҳамкорлик бўйича тузилган шартномалар, ҳомийлик ва халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малакасини ошириш, стажировка ўташ ва таълим олишини ташкиллаштириш “Истеъдод” жамғармаси орқали мутахассислиги бўйича янги билимларни эгаллашга йўналтирилган малака оширишларини ташкил этиш, олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига етакчи хорижий мутахассисларни мунтазам равишда жалб этиш; 

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб магистратурада кадрлар тайёрлаш тизимини танқидий таҳлил қилиш, магистратура таълими жараёнининг барча босқичларини такомиллаштириш, уларни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш чораларини кўриш; 

докторантлар, магистратура талабаларини корхона (муассаса)ларнинг муаммоли масалаларига бағишланган диссертация мавзулари устида ишлашини, шунингдек, тажриба-синовларни корхона (муассаса)ларда ўтказиш, амалиётга татбиқ этилган ишлар муаллифлари бўлган ҳамда ихтирочилик патентини қўлга киритган докторант ва магистрларни ўқитувчи лавозими бўйича ойлик иш ҳақи миқдорининг 10 баробаригача корхона ва ташкилотлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш чораларини кўриш; 

икки ой муддатда республика олий таълим муассасаларининг ҳар йилги рейтингини аниқлаш бўйича миллий тизимни такомиллаштириш, бунда асосий устувор кўрсаткич сифатида олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорида талабгорлиги ва профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича тузилган шартномалар асосида ишлаб топилган молиявий маблағларнинг салмоғига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган олий таълим муассасаларига ўқув жараёнининг алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ваколатини бериш орқали академик эркинлик босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш юзасидан таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш; 

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари кафедраларининг мақомини кўтариш, бунда уларнинг таълим сифатини ошириш бўйича масъулиятини кучайтириш, кафедра ва профессор-ўқитувчилар томонидан юритиладиган турли статистик ва бошқа ҳисоботлар сонини оптималлаштириш орқали уларни тайёрлаш жараёнларини электрон форматга ўтказиш чораларини кўриш. 

 

Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 / 17.08.2017 50332 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 15996 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 97904 Ўзбекистон
Каталония ҳукумати уч кунлик мотам эълон қилди
09:42 73 Жаҳон
Атлантика океани жанубида кучли зилзила юз берди
09:40 30 Жаҳон
Хитой клуби трибуна ўриндиқларини тилла рангга бўягач, кетма-кет 5 учрашувда ғалаба қозонди
09:36 102 Спорт
Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик режаси тасдиқланди 
Саломатлигингизга бефарқ эмасмисиз – бу йўлда Azim Zomin Shifo сизга кўмакчи бўлади
09:00 2718 Lifestyle
Фототехника ишлаб чиқарувчи Polaroid компанияси смартфонлар бозорига қайтмоқчи
Барселонадаги теракт ва Каталониянинг Альканар шаҳридаги портлашлар ўзаро боғланган бўлиши мумкин
08:18 2533 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар