Россия ТИВнинг хабар беришича, 1 августдан бошлаб АҚШ элчихонаси томонидан Москвадаги Дорожний кўчасидаги барча омборхоналар ва Серебрянний бордаги дала ҳовлидан фойдаланиш тўхтатилмоқда.

«Россия томони 1 августдан бошлаб АҚШ элчихонасининг Москвадаги Дорожний кўчасидаги омборхоналар ва Серебрянний бордаги дала ҳовлидан фойдаланишини тўхтатмоқда», - дея аниқлик киритишди ташқи сиёсат идорасидан.

Бундан ташқари, Россия АҚШга 1 сентябргача ўз дипломатлари сонини АҚШдаги россиялик дипломатлар миқдорига тенглаштиришни таклиф этган.

«Шу нуқтаи назардан, Америка томонига 1 сентябргача АҚШнинг Москвадаги элчихонаси, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Владивостокдаги бош консулликларида ишловчи дипломатик ҳамда техник ходимлари сонини АҚШдаги россиялик дипломатлар ва техник ходимлар миқдорига тенглаштиришни таклиф этмоқдамиз. Бу, Американинг Россиядаги дипломатик ҳамда консуллик идораларида ишловчи ходимларнинг умумий сони 455 кишига қадар қисқартирилаётганини англатади», - дея таъкидлаб ўтган ТИВ.

Идорадан қўшимча қилишларича, Америка ҳукуматининг Қўшма Штатлардаги рус дипломатлари сонини қисқартириш бўйича бир томонлама янги ҳаракатлари рўй берса, бунга худди шундай жавоб қайтарилади.

Аввалроқ АҚШ сенати Россия, Эрон ва КХДРга қарши янги санкцияларни маъқуллагани хабар берилганди.