Савдо-саноат палатасининг собиқ раҳбари Алишер Шайхов Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси сифатида ишга киришади.

«2017 йилнинг 28-июл куни илгари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси лавозимида ишлаган, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Алишер Шайхов Тошкентдан Лондон шаҳрига жўнаб кетди»,— дея хабар берилган Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида.

Алишер Шайхов 1956 йилда туғилган бўлиб, Тошкент давлат университетининг битирувчиси ҳисобланади (1979 йил). Мутахассислиги бўйича иқтисодчи, иқтисодий фанлар номзоди. Бунга қадар 11 йил давомида – 2006 йилнинг апрелидан жорий йилнинг 20 июнь санасига қадар Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига раислик қилган.