Американинг Starbucks компанияси Хитой бозорини забт этишни режалаштирмоқда. АҚШнинг машҳур қаҳвахоналар бизнеси East China фирмасининг 50 фоизини харид қилишини эълон қилди. Хитой компаниясининг қолган ярми айни вақтда Uni-President Enterprises ва President Chain Store фирмаларига тегишли. Битим нархи 1,3 млрд доллардан ошиши мумкин. Бу ҳақда CNN-Money хабар қилмоқда.

Агар келишув амалга ошгудек бўлса, бу Starbucks томонидан энг йирик савдо хариди бўлади. Бунинг натижасида Америка гиганти Шангҳай, Цзянсу ва Чжэцзян вилоятларида 1300 қаҳвахонага эга бўлади. Таъкидланишича, Starbucks Хитой бозорига ижобий ёндашмоқда.

2016 йили компания Хитойда 5 йил мобайнида кунига битта қаҳвахонасини очишини билдирган эди. 2021 йилга келиб Starbucks бу мамлакатдаги маҳаллий тармоғини 5 минг савдо нуқтасига етказишни режалаштирган. 

Ўтган йили Starbucks компаниясининг собиқ раҳбари Ҳовард Шульц: «Биз Хитойда фантастик йилни тамомладик. Унинг натижалари аввалгиларидан жуда ҳам ажойибдир», деган эди.