Вазирлар Маҳкамасининг 19.07.2017 йилдаги 526-сон қарори билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 16.03.2017 йилдаги ПФ-4985-сон фармонига биноан мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари 1.01.2019 йилдан фаолият кўрсатишни бошлайди.

Уларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

•  тез тиббий ёрдамнинг тезкорлиги, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини ошириш;
•  республиканинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш;
•  тез тиббий ёрдам хизмати сайёр бригадалари фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштириш;
•  ИИВ, ФВВ ва «Ўзтрансгаз» АЖнинг тезкор хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;
•  тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида тезкор статистик ахборот ва ҳисоботларни шакллантириш.

Келаси йилнинг охиригача мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматларининг ташкил этилаётган Миллий географик ахборот тизимига уланиши таъминланиши даркор.

Чора-тадбирлар дастурига асосий уч йўналиш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар киритилган:

•  мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича норматив базани шакллантириш;
•  моддий-техника базасини шакллантириш;
•  ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар.

Дастурни амалга ошириш учун давлат мақсадли жамғармаларидан 15 млрд. сўм ва халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва грантлари ҳисобидан 17 млн. АҚШ доллари ажратилади.