Юридик университет ректори: “Бу йилги имтиҳонларни интернет орқали онлайн кузатиб бориш мумкин”

Ўзбекистон 28 Июль 2017 21365
Фото: "Кун"

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга ошаётгани сир эмас. Давлат раҳбари бошчилигида бошланган бу ислоҳотлар замирида давлатни янада кучли ва қудратли қилиш манфаати ётади. Бунинг учун табиийки, ҳар бир соҳада етук кадрлар, ўз соҳасининг билимдонлари талаб этилади. Шу боис олий ўқув юртларига имтиҳон топшириш жараёнлари ҳам ислоҳотлар билан ҳамоҳанг тарзда ўзгармоқда. Кун.uz Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори, юридик фанлари номзоди Есемурат Каньязов билан Тошкент давлат юридик университетига имтиҳон топшириш жараёни ва унинг шаффофлиги юзасидан суҳбат уюштирди.

“Бу йил Тошкент давлат юридик университети учун жуда катта воқеа юз бериши кутилмоқда. Биз университет имтиҳон жараёнига янги бир тизим қўллаяпмиз. Илгари университетга кириш имтиҳонлари мактабларда, битта аудиторияда ўтказилар эди. Бу хоналарда 30 кишигача одам ўтирарди. Бундай ҳолатда ўзига хос камчиликлар кўзга ташланарди, шаффофликни таъминлашга анча қийинчиликларга учралар эди. Бундан ташқари, имкониятларимиз чеклангани учун битта партада иккита абитуриент ўтирарди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар-хил қонун бузиш, кўчирмакашлик сингари ҳолатларнинг келиб чиқишига сабабчи бўларди”, - деди Есемурат Каньязов.

Ректорнинг таъкидлашича, бу йил юридик университетга кириш имтиҳонлари “Ўзэкспомарказ”нинг тўртта павильонида бўлиб ўтади. Ҳар бир павильон 1000 нафардан 1500 нафарга яқин абитуриентга мўлжалланган.

“Бундай павильонларда имтиҳон олиш жараёнида ҳеч қандай қонун бузилишига имкон қолмайди. Бундан ташқари, ушбу павильонларда камералар ўрнатилган бўлиб, интернет орқали мазкур имтиҳонларни онлайн кузатиб бориш имконияти тақдим этилади. Имтиҳонларни телевидиние орқали ҳам эфирга узатиш ҳам режалаштирилган. Ота-оналар имтиҳон жараёнини “Ўзэкспомарказ”да ўрнатилган катта мониторда ёки уйдами, исталган жойдами интернет ёки телевидиние орқали ҳам кузатишлари мумкин бўлади”, деди Есемурат Каньязов. 

Суҳбатдошимиз берган маълумотга кўра, юридик университетга кириш имтиҳонларини кузатиш учун прокуратура органи ходимлари ҳам жалб этилган.

Ректорнинг бизга маълум қилишича, имтиҳонга телефон, шпаргалка ва бошқа ноқонуний буюмлар олиб кирган абитуриентлар гувоҳлар ёрдамида далолатнома тузилиб, имтиҳондан чиқариб юборилади. Бу аниқ бўлган ҳолат. Шу боис абитуриентларни огоҳлантириш мақсадида турли баннерлар осиб қўйилади ва имтиҳонга кириш олдидан ҳам ҳар бир абитуриентга ана шундай огоҳлантиришлар ёзилган бланкалар тақдим этилади. 

Эслатиб ўтамиз: бу йил олий ўқув юртларига топшириладиган имтиҳонлардаги яна бир янгилик шундан иборат бўлдики, абитуриент тест имтиҳонлари ўтаётган бинони соат 12 дан аввал тарк этиши мумкин эмас. Аниқланишича, ўтган йилларда кимдир олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, имтиҳон куни абитуриентларнинг тест саволларини суратга тушириб, аудиторияни шу ондаёқ тарк этиб, фотоаппарат ёки телефон хотира картасини уни кутиб турганларга топширган. Ўша «кимдир» тест саволларини ечиб (ёки ечтириб), тўғри жавоб вариантларини аудиторияда кутаётган абитуриентларга етказиб турган.

Маълумот ўрнида: Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари Кун.uz сайти орқали онлайн узатиб борилади.

Кўпроқ янгиликлар