2017 йилнинг 28 июл куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида умумтаълим мактабини қуриш тўғрисида Битим имзоланди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси элчиси ва Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазири даражасида имзоланди.

Битимнинг мақсади Ўзбекистон томони маблағи ҳисобидан 630 ўринли умумтаълим мактабини қуриш ва уни Қирғизистон томонига мулк сифатида беғараз топширишдан иборат.

Шубҳасиз, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши тарихан шаклланиб келган ўзбек ва қирғиз биродар халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга ва икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.