Интернет тармоғида автомобилларнинг махсус лифтларда The Boring Company ер ости туннелларига тушиши ҳақида тасаввур уйғотувчи, компьютер графикаси ёрдамида ишланган видео пайдо бўлган эди. Аммо, у ҳақиқий машиналар ёрдамида амалга оширилса, янада таъсирчан ва ишончлироқ чиқади. Бу қоидага риоя қилган Илон Маск ўзининг Instagram саҳифасида янги Tesla’ни ер остига олиб тушаётган лифт видеосини жойлади.

Лифт автомобилни туннелга олиб тушгач, машина ўзиюрар электр платформага ўтказилади. Платформа машинани бир неча дақиқада белгиланган манзилга етказади. Шундан сўнг, бошқа бир лифт уни йўловчилари билан бирга ер устига олиб чиқади. Биринчи ишлайдиган ҳақиқий лифт намойишидан кейин бу ғояга бўлган ишончсизлик бирмунча йўқолди, дейиш мумкин.

Маск ўтган йилнинг қиш ойларида йўллардаги тирбандликлар муаммосини ер остида туннеллар ковлаш ғояси билан ҳал этиш фикрини илгари сурган эди. Баҳорга келиб айни туннеллар ковлана бошланди. Кейинчалик, у бу тизимларни Hyperloop транспорт тизимига улаш керак, деган тўхтамга келди.

Айни вақтда компания ишларни давом эттиришга ҳозирлик кўрмоқда, Маскнинг ўзи барча қоғозбозлик ишлари билан шуғулланмоқда.