Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона пости ходимлари томонидан пойтахтда фаолият юритувчи “STAP VALLEY AGENT” корхонаси номига келтирилаётган юклар ортилган 2 та юк автотранспорт воситалари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда йирик миқдордаги божхона қоидабузарликлари фош этилди. Бу ҳақда Кун.uz’га Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қўшни давлат фуқаролари Я.Исламов ва П.Саидовлар бошқарувидаги ушбу автомашиналарда аслида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра салкам 57 тонна каноп толаси келтирилаётган бўлиши лозим эди. Аммо божхона кўриги давомида автомашиналар юкхонасида ушбу турдаги товарлар умуман йўқлиги аниқланди.

Хусусан, автомашиналардан бирида, каноп толаси ўрнига ҳужжатларда кўрсатилмаган, божхона назоратидан яширилган, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган 99 турдаги товарлар, кийим-кечаклар, оёқ кийимлари, сувенирлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний равишда олиб киришга уринилган мазкур товар-моддий бойликларнинг тахминий нархи салкам 3,3 млрд. сўмни ташкил қилар экан.

Иккинчи автомашинада ҳам худди шундай ҳолат, яъни қонунбузарлар божхона назоратидан яширганча, 49 турдаги товарлар: оёқ кийимлар, ширинликлар, ичимликлар, кийим-кечаклар,  газламалар, маиший техника буюмлари ва бошқа турдаги товарларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иккинчи автомашинадаги ноқонуний равишда олиб киришга уринилган товар-моддий бойликларнинг тахминий нархи салкам 3,1 млрд. сўмни ташкил қилар экан.

Шунингдек, вилоят божхоначилари республикадан транзит тарзида ўтаётган, Хитойдан Тожикистонга қараб йўл олган юк автомашинасини божхона назоратидан ўтказиш вақтида яна бир божхона қоидабузарлигини фош қилишди.

Йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра, қўшни давлат фуқароси А.Валиев бошқарувидаги ушбу автомашинага 7 турдаги салкам 29 тонна хўжалик моллари ортилган бўлиши лозим эди. Қолаверса, автотрансопрт юкхонаси эшигидаги пломбаларнинг ўзгартирилганлиги божхоначиларни янада шубҳалантирди. Шундан сўнг, автотранспорт воситаси белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу авторанспортга хўжалик моллари ўрнига қурилишда қўлланиладиган салкам 1300 дона гипсокартонлар ортилганлиги фош бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.