2017 йилнинг 27 июль куни Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос сайёрадаги энг бадавлат инсонга айланди. Компания акциялари нархи 2017 йилнинг иккинчи чораги якунлари эълон қилинишидан бироз аввал 1,8 фоизга ўсиб, 1 071,31 долларни ташкил этди. Бу эса Безоснинг давлатини 90,6 млрд долларга қадар оширди. 

Бироқ иккинчи чорак якунлари эълон қилинганидан бир кун ўтиб, акциялар 3 фоизга арзонлашди: Amazon’нинг соф даромади 77 фоизга қисқарди ҳамда 197 млн долларни ташкил этди (бир йил аввал 857 млн доллар). Компания фойдаси 25 фоизга ўсди ҳамда 38 млрд долларга тенг бўлди. Безоснинг давлати 88,7 млрд долларга тушиб кетди ҳамда у яна Гейтсдан ортда қолди. 

Келинг, фақатгина бир кун дунёнинг энг бадавлат инсони мақомида бўлган ушбу тадбиркорнинг ҳаёт йўлига бир назар солиб кўрамиз.

Дастлабки йиллар 

 

Жефф Безос 1964 йили Нью-Мексика штатидаги Альбукерк шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси Жаклин Гиз ва Тед Йоргенсен мактаб пайтида бир-бирлари билан танишиб қолишган. Безос бир ярим ёшда бўлганида унинг онаси отасини ташлаб кетган. 1968 йилда эса Жаклин асли келиб чиқиш кубалик бўлган эркакка турмушга чиқади ҳамда Мигель Безос тўрт ёшли Жеффрини ўғил қилиб олади.

Безоснинг биографи сўзларига кўра, у мактабда аълочи бўлган. У ажойиб академик лаёқати туфайли Принстон университетидан стипендияни қўлга киритади ва келажакда физик бўлишни орзу қилганди.

Нью-Йорк ҳеж-жамғармасидан Amazon’гача

 

1986 йилда Безос Принстонни битириб чиқди. У Fitel кабель ишлаб чиқариш компаниясига ишга жойлашади. Орадан бироз вақт ўтиб эса Bankers Trust банк ташкилотига ўтиб кетади. Шундан сўнг унинг D. E. Shaw ҳеж-жамғармасидаги фаолияти бошланди.

1993 йилда Безос компаниянинг вице-президентига айланди. У эндигина 29 ёшда эди. Кейинчалик у савдо майдончасини яратиш бўйича лойиҳага раҳбарлик қилди. У Нью-Йорк фонд биржасининг ўзига хос муқобили бўлиши керак эди. Amazon’нинг бўлажак асосчиси интернет-технологиялар ривожини олдидан кўра билди ҳамда унда онлайн-дўкон ҳақидаги ғоя пайдо бўлади. У китоблардан бошлашга қарор қилади. 

“Ажойиб бир ҳолатнинг гувоҳига айландим – АҚШда интернетдан фойдаланиш йилига 2300 фоизга ўсиб бораётганди. Мен китоб интернет-дўконини яратиш ҳақида ўйлай бошладим, у ерда миллионлаб китоблар бўлиши керак эди”, - деганди Жефф Безос.

Жефф 1993 йилда ўзининг қўли остида ишлаган қиз Маккензи Таттлга уйланади ҳамда Таттл унинг бу қарорини қўллаб-қувватлайди.

Интернет-гигантнинг илк кунлари

Безос компанияни очишдан аввал рўйхатдан ўтиш учун қулай шаҳарни танлашга қарор қилади. У Нью-Йорк ва Вашингтондан кўра ғарбий соҳилга кетишни маъқул кўради. Ўшанда бу ерда АТ-компаниялар пайдо бўлиб, кўплаб интернет фойдаланувчилар бор эди. Бундан ташқари ҳудудда яшовчи аҳоли сони ҳақида ҳам ўйлашга тўғри келди. АҚШ қонунчилигига кўра, штат фуқароси товар харид қилганда, сотувчи ҳам ўша штатда рўйхатдан ўтган бўлса, харидор солиқ тўлаши лозим эди. Безос эса бутун мамлакат бўйлаб маҳсулот сотишни истарди. 1994 йилнинг 5 июль куни Безос Сиэттлда Cadabra номи остидаги компанияни рўйхатдан ўтказди. Бироқ, кейинчалик бу номдан кўнгли тўлмай, луғатни очиб, у ерда «Амазонка» (Amazon) сўзини учратди. Бу вариант унга ёқди, ҳамда у компания номини шунга ўзгартирди. Безос Amazon фойдаланувчилари буюртмасини почтага ҳаттоки ўзи етказиб берган пайтлари ҳам бўлган. Компания пулни тежашга мажбур эди – Безоснинг бошланғич бизнес-режасига кўра, Amazon фақатгина тўрт-беш йилдан сўнг даромад олиши керак эди. Аслида эса бунга етти йил вақт кетди – 2001 йилнинг тўртинчи чорагида 5 млн долларлик фойда олинди.

1995 йилда Amazon Kleiner Perkins Caufield & Byers фондидан 8 млн долларлик сармояни жалб қила олди. 1997 йилда эса компания NASDAQ биржасига чиқди: сервис 54 млн долларни жалб қилди.

Компаниядаги ходимлар сони ўсиб борди, ҳамда Безос ишга кирувчи ходимлар учун бир неча асосий мезонларни белгилади. Улардан бири – ҳар бир янги ходим билан бўлажак даъвогарлар учун талаблар рўйхати ҳам ошиб бориши керак.

Amazon’нинг ривожланиши

Безос сервис ишга тушганидан бироз вақт ўтиб, у ерга фильм ва мусиқа дискларини қўшди. Ҳозирги кунда Amazon кийим-кечак, болалар товарлари, истеъмол электроникаси, косметик воситалар, озиқ-овқат, тиббий препаратлар, саноат ва илмий маҳсулотлар, ошхона жиҳозлари ҳамда бошқа кўплаб нарсаларни сотади. Безос тажриба қилишдан қўрқмайди. Масалан, компанияси болалар маҳсулотларига энди чиқиб келаётган пайтда, у талабгир бўлмаган ўйинчоқларни харид қилиб, 120 млн долларни йўқотганди. Бироқ, баъзи тажрибалар омадли ҳам бўлди. Масалан, харидни бир кликда расмийлаштириш механизми – фойдаланувчилар рўйхатдан ўтгандан сўнг, банк картаси маълумотлари ва уй манзилини киритиши талаб этилмайди. Кейинчалик бу технологияни Apple иловалар дўкони учун лицензиялади. Безоснинг компанияси 2005 йилда Prime – маҳсулотларни етказиб бериш бўйича премиал сервисни очди. Фойдаланувчилар йилига 79 доллар эвазига маҳсулотни икки сутка ичида бепул қабул қилиб олиш имкониятига эга бўлишди. Безос маълум бир вақт келиб, рақобатчилари - Barnes & Noble каби китоблар сотувчиси ҳамда Walmart каби йирик ритейлерлар эса, балки Google ҳамда Apple эканини тушуниб етди. Amazon Google билан икки сабабга кўра рақобат қилди. Биринчидан, қидирув тизимида маҳсулотларни қидирган фойдаланувчилар туфайли. Amazon муҳим сўзлар бўйича рекламага жуда катта пулларни сарфлашга мажбур бўлган. Иккинчидан эса – истеъдодли дастурчилар учун. Google’га қидирув алгоритмини яхшилаш талаб этилган бўлса, Amazon’га – оптималлаштириш ва маълумотларни қайта ишлаш услублари. Google’да ажойиб офислар, бепул таом, массажчилар бор эди ҳамда унинг бош қароргоҳи қуёшли Калифорнияда жойлашганди. Amazon эса ёмғирли Сиэтлда жойлашиб, ўз ходимларини автотураргоҳ учун пул тўлашга мажбурларди.

Apple билан рақобат эса 2000-йиллар бошида пайдо бўлди. Ўшанда Стив Жобснинг компанияси iPod мусиқа плеери ва ўзининг мусиқа дўконини тақдим этди. Бу Amazon’нинг бизнесига зарба бўлиб тушди – ўшанда мусиқа, китоблар ва фильмлар сотуви компания даромадининг тўртдан уч қисмига тенг эди. 

Безос бизнесни ўзи «бузиш» ҳақида қарор қабул қилди. Натижада компания Kindle – китобларни харид қилиш ва ўқишга мўлжалланган электрон қурилмани тақдим этди. 

Amazon Google билан рақобат учун дастурчиларни ўзига жалб қилишга қарор қилди ва ўз виртуал серверларидаги жойни ижарага беришни бошлади. 2015 йилда AWS даромади 7,8 млрд доллардан ошди, 2017 йилда эса компания бозорнинг 47,1 фоизига эгалик қилишда давом этмоқда.

Бироқ, Безоснинг сўзларига кўра, компания рақобатчилар нима билан шуғулланишига катта эътибор бермайди. Amazon ўз мижозлари талаб ва эҳтиёжларига эътибор қаратади. 

«Бизнинг фалсафа компаниядаги барча жараёнларни боғлаб туради, ҳамда у – рақобатчилар ҳақида эмас, балки мижозлар ҳақида ўйлаш. Биз режалаштириш чоғида биринчи навбатда мижознинг талабларидан келиб чиқамиз, жамоа ичидаги янги кўникмаларни ривожлантирамиз ва келажакда катта талабга эга бўладиган маҳсулотни яратамиз», - дейди Безос.

Тадбиркорнинг биографи сўзларига кўра, Amazon – бу мижозлари унинг ғояларига тезкорлик билан катта баҳо беришига умид қилмайдиган компания. Шунинг учун Безос тажрибаларни ўтказишда давом этмоқда – маҳсулотларни дронлар ёки дирижабллар ёрдамида етказиб беришни таклиф қилмоқда, овозли ёрдамчиларни яратмоқда ҳамда кассаларсиз дўкон ҳақида орзу қилмоқда. Бироқ тадбиркорнинг энг севимли хоббиларидан бири бу – коинот.

Жефф Безоснинг юлдузли йўли

2000 йилда Безос Blue Origin – фазовий туризмни ташкил этувчи компанияни рўйхатдан ўтказди. «Бу менинг болалик орзум эди. Мен беш ёшимда коинот ва у ердаги барча нарсани яхши кўриб қолганман. Ўшанда мен астронавт Нил Армстронг Ойнинг юзасига қадам қўйганини кўргандим. Сен кўнглингга ёқадиган нарсани ўзинг танламайсан – улар сени ўзи топади», - дея эслайди тадбиркор.

NASA собиқ муҳандиси Роб Мейерсон компаниянинг президентига айланди. Безос Илон Маскдан фарқли равишда, аэрофазовий компаниянинг иши ҳақида ошкора гапирмайди. 2015-2016 йиллар давомида учувчисиз фазовий кема Ер юзасидан 100 километр баландликка кўтарилиб, бошланғич нуқтага қайтиб келди ҳамда синовлардан муваффақиятли ўтди. 2018 йилда компания бортида кишилар бўлгани ҳолда биринчи синов парвозларини амалга ошириш ниятида. 

Ҳозирда Blue Origin орбитага кишилар ва юкларни олиб чиқиши мумкин бўлган кема устида ишламоқда – Илон Маскнинг SpaceX’и бунинг уддасидан чиқди. «Очиғини айтганда, ҳозирда Blue Origin’га Amazon’нинг муваффақиятларидан келган даромадни инвестиция қилаяпман. Ҳар гал ўз акцияларимни сотганимда, мен Blue Origin жамоасига янада кўпроқ пул беришим мумкин бўлмоқда», - дейди Безос.

Айни кунда компанияда тахминан 600-800 киши ишламоқда. Безос ҳар йиллик «тўловлар» миқдорини ошкор этмайди, бироқ Fourtune нашри маълумотларига кўра, у йилига 500 млн долларни ташкил этади. Безоснинг давлати тахминан 90 млрд доллар эканини ҳисобга олсак, у ўз фазовий бизнесини яна 180 йил давомида қўллаб-қувватлаши мумкин.