Nokia компаниясининг 2017 йил иккинчи чорагига доир молиявий ҳисоботида 1,7 млрд доллар миқдоридаги аванс маблағи борлиги қайд этилган. Унинг номаълум манбадан келиб тушганини кўриш мумкин. Nokiamob компания ушбу маблағлар Apple корпорациясидан тушганини тасдиқлагани ҳақида хабар қилмоқда.

Nokia матбуот хизмати пуллар қачон тушгани ва уни қандай тасарруф этишини билдирмаган. Нашрнинг тахмин қилишича, Apple талаб қилинган пулни бир мартанинг ўзида ўтказишга ва патент масалалари билан узоқ вақт ўралашиб юрмасликка қарор қилган. 

2016 йил декабрида Nokia Apple устидан судга мурожаат қилиб, компанияни iPhone смартфонларини ишлаб чиқишда 32 та патентликҳуқуқини бузганини даъво қилганди. Мазкур масала 2017 йил майига келиб ёпилган. Компаниялар ҳамкорлик қилишга келишган, Apple аванс тўловини нақд пулда юборган. 

Келишувда тўловнинг якуний суммаси умумий савдолар бўлиб ўтгач маълум қилиниши қайд этилган. Nokia эса, олинган тўловлар миқдорини чораклик якунида эълон қилишини айтмоқда. Шу билан бир вақтда Apple дўконларида Nokia электрон тарозу ва бошқа жиҳозлари пайдо бўлди.