Кун.uz таҳририяти Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов билан очиқ мулоқот ўтказди.

Вазирнинг сўзларига кўра, 10- ва 11-синфлар масаласида аниқ, равшан топшириқ қўйилган. Кўп учрашувларда педагоглар, коллеж ўқитувчилари, ота-оналардан фикрлари сўралган. 

“Ҳозирги кунда ҳар бир мактабда журналлар юритилган. Ота-оналар келиб, ёзиб бераяпти: “Биз 10-, 11-синфни хоҳлаймиз”, “Биз хоҳлаймиз коллежга боришни”, “Биз фалон коллежга бориб топширдик, у ерда танлов экан, агар ўтмасак, бу ерга қайтиб келамиз” ёки “Биз у ерда ўтмасак, бошқа коллежга борамиз” деб. Шундай тўртта вариантлар журналларга киритилди. Ҳозир ҳар бир вилоятда комиссиялар ишламоқда ва уларнинг маълум натижалари умумлаштирилмоқда. Энди бу борада ечимга кела олмаётганлар ҳам бўлиши мумкин. Бу уларнинг ихтиёри.

Ҳозир ёки у, ёки деган масала йўқ. Ҳозирги йилда мактабга борадиган қисми мактабда 10-, 11-синфни ўқийди. Коллежга борадиган қисми 3 йил ўқийди. Бундан кейин бу тизим, модель ишланади. Ҳозир бунинг концепциясининг яратилиши бўйича топшириқ қўйилган. 11-синф миқёсида ҳам маълум мутахассисликлар бўйича касб олиш имконияти яратилади. Шу икки йилнинг ичида олиш мумкин бўлган касблар олинади. Болалар 11-синфдан қандайдир касб билан чиқади. Кўпроқ ишчи касблари, ундан кейин бир қисми институтга киради, бир қисми эса ўзининг эгаллаган касби билан меҳнат бозорига чиқиши мумкин, бир қисми коллежларга”, - дейди вазир.