Кун.uz таҳририяти Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мажидовнинг айтишича, бошқа мамлакатдан Ўзбекистондаги ОТМга ўқишни кўчириш масаласида ҳар доим аризани топшириш имконияти ҳар битта вилоятдаги ОТМда яратилади. Маълум қилинишича, уларнинг қайсидир қисмини олий ўқув юртининг ўзи ҳал қилиб кўчириши мумкин. Айтилишича, бу йил ўқишни республика ОТМларига кўчириш бўйича ариза топшириш мумкин, қолган маълумотлар ҳозирча номаълум. 

“Ариза топширишга ҳеч қачон йўқ дейилмаган. Кўчириш масаласида ҳар доим ҳам аризани топшириш имконияти яратилган. Унинг тартиби бор. Қайсидир қисмини олий ўқув юртининг ўзи ҳал қилиб, кўчириши мумкин. Қайсидир қисми эса иккита олий ўқув юрти ичида бўлади. Буни тегишли вазирлик ҳал қилади.

Хориждаги маълум бир университетлар олий таълимни ҳам тижоратга қўйган. Бу балки нормал ҳолат. Бизда бундай эмас. Бизда талаб бор, битираётган мутахассиснинг малакасига эртага жавобгарлик бор. Шунинг учун хориждаги барча олий ўқув юртини бир хилда қабул қилиб бўлмайди. Лекин ҳар қандай фуқаро ўқишини кўчиришга ариза бера олади ҳамда у албатта кўриб чиқилади”, - дейди вазир.