Япониядаги Interstellar Technologies компанияси томонидан ишланган Momo ракетаси синови муваффақиятсизликка учради. Бу ҳақда компаниянинг твиттердаги саҳифасида маълум қилинган.

Қайд этилишича, двигател ҳақидаги телеметрик маълумотлар узатилиши тўхтагач, парвознинг 80-сониясида ракета қулай бошлаган.

Ракета Япон денгизига, қирғоқдан 8 км ичкаридаги ҳудудга қулаб тушган. Компания вакиллари тафсилотларни матбуот анжуманида маълум қилади.

Ноқулай об-ҳаво туфайли ракетанинг учирилиши 29 июлдан 30 июлга қолдирилганди. Мутахассислар ҳисобига кўра, 20 кг миқдоридаги юк билан ракета 120 км баландликка кўтарилиши мумкин эди.