Яқинда бир танишим менга СМС жўнатди. СМСда ишлатилган ўнта сўзнинг деярли ярми хато билан ёзилган эди. Шошилинчда ёзгандир-да, деб қўя қолдим. Кўп ўтмай у билан бир даврада учрашиб қолдик. Танишим ўзи борган хориж мамлакатидаги саёҳат ҳақида гапира туриб, яна хато сўзлади. Мен унинг гапларини бир амаллаб эшитгач: — Дўстим, биринчидан Дубай давлат эмас, у Бирлашган Араб Амирликларидаги шаҳар, деб хатосини тузатган бўлдим. Шунда у: — Қанақасига Бирлашган Араб Амирликлари Африкада-ку, — деб қовоғини солди. Нуфузли олий таълим муассасасини тамомлаган бу йигитнинг саводсизлиги ҳафсаламни пир қилди.

Афсуски, бугун ана шундай саводсизлар сони глобал миқёсда ортиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан олинган маълумотларга қараганда айни пайтга келиб вояга етган дунё аҳолисининг 750 миллионлик қисми саводсиз бўлиб, уларнинг учдан икки қисмини аёллар ташкил этади. Мактаб ёшидаги 250 миллион бола савод чиқармаган, 124 миллион бола эса мактаб нима эканини билмайди. Жаҳондаги аксарият мамлакатларда ҳукм сураётган тўхтовсиз урушлар ва бу мамлакатларнинг ички ишларига ғарблик “ёрдамчилар”нинг аралашуви сабаб мактаб ва бошқа таълим муассасаларининг фаолияти тўхтаган. Бу ўз-ўзидан саводсизликнинг ортишига шароит яратмоқда. Саводсизлик нафақат нотинч мамлакатларда, балки ривожланаётган давлатларда истиқомат қилаётган ёшлар орасида ҳам учраб турибди. Мактабда ўқувчилар география фани орқали Ернинг думалоқ экани, унда жойлашган океанлар, қитъалар, денгизлар, давлатлар ва халқлар тўғрисида керакли маълумотларни ўзлаштириши шарт. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ушбу сабоқларни ўзлаштиролмайди. Шунинг учун ўтказилаётган машғулотларни интерфаол услубда олиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда.

Яна бир жиҳат, ўқувчилар ўлкамиз жўғрофиясини чуқур ўзлаштириши, Косон тумани Қашқадарё вилоятида, Косонсой тумани Наманган вилояти таркибида эканини, шу билан бирга, юртимиздаги туман ва шаҳарлар тўғрисида етарли билимга эга бўлиши лозим. Масалан, Олий таълимда ўқув йили давомида талаба оралиқ, жорий, якуний назорат ишларини топширади. Бундай пайтда уларга “беминнат ёрдамчи” “telegram” қўл келмоқда. Талаба аудиторияда ўқитувчи берган топшириқни бажаришдан олдин мавзуга оид маълумотни манбадан олади ва ижтимоий тармоқ орқали гуруҳдошларига етказади. Назорат ишларини текшираётган ўқитувчи эса талабаларнинг жавоби бир хил ва айнан тўғри ёзилганига ҳайрон бўлади. Ахир уларнинг бир-биридан кўчиришига имконият йўқ эди-ку. Албатта, кўпчиликнинг узоғини яқин қилиб, вақтини тежаётган, глобал тармоқни ёмонотлиқ қилишдан йироқмиз. Бироқ тарозининг ҳам икки палласи бор. Кундалик ҳаётда саводсизлик сўнгги йилларда таълим тизимидаги қусурлар ҳамда глобал тармоқ орқали палак отмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, МДҲ мамлакатларида аллақачон оммалашиб улгурган “odnoklassniki”, “telegram” ва бошқа ижтимоий тармоқларда бўлаётган ўзаро мулоқотларда бирон сўзни тежаш мақсадида ишлатилаётган қисқартмалар ўзини “ақлли” деб ҳисоблайдиганлар томонидан ўйлаб топилмоқда. Мулоқотлардаги бундай “кашфиётлар” уларнинг тенгдошлари онгу шуурига муҳрланиб, ўқиш ва ишида, ҳаётнинг турли жабҳаларидаги фаолиятига таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти.

Саводсизликка қарши курашишда аҳоли гавжум жойларда, жумладан, бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидаги номларнинг, турли чақириқ ва тарғибот материалларнинг тайёрланишида имловий хатоларга йўл қўймаслик керак. Чунки тарғибот материаллари омманинг доимий эътиборида бўлади. Машойихлар саводсиз халқ таназзулга юз тутади, деб бежиз айтмаган. Бугун сизу биз учун аҳамиятсиз туйилган кичкина имловий хато ўз ортидан катта хатоларни - саводсизликни келтириб чиқаради. Дунёни маърифат қутқаради. Шундай экан саводсизликка қарши кураш ҳар биримизнинг бурчимиз.

Акбаржон АБДУРАИМОВ