Сьерра-Леонеда шаҳарларнинг кўчаларида ҳаллослаб югуриш тақиқланди. Бу ҳақда Africanews хабар тарқатган.

Бу ҳақда 27 июль куни аҳоли огоҳлантирилган. Африкадаги ушбу давлат полицияси бошлиғи Фрэнсис Алье Муну шундай қарорни имзолаган.

Бундай чеклов киритилиши югурувчилар томонидан ноқулайликлар келтириб чиқарилиши билан изоҳланган. Полицияда маълум қилинишича, бундайлар бошқа йўловчиларнинг ҳамиятига тегиши, уларнинг нарсаларини ўғирлаши, йўл ҳаракатига халақит қилиши, автомобилларга тегиниши ёки мусиқани баланд қўйиб бошқаларнинг ғашини келтириши ҳолатлари кузатилган.

Эндиликда Сьерра-Леонеда югуриш учун махсус рухсатнома керак бўлади. Маҳаллий ҳокимият бу қоидани бузганларга қандай жазо белгиланишига аниқлик киритмаган.

Шу билан бирга истаган кишилар пляжларда ёки махсус спорт ҳудудларида югуриши мумкин бўлади.