Аэропортдаги воқеа: Оила – ўзбек эркаги учун энг муқаддас қўрғон

Жамият 31 Июль 2017 40625

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов Телеграмдаги ўз каналида ажойиб пост қолдирди. Унда Зафар Ҳошимов гувоҳ бўлган воқеа ва бу ҳодиса таъсирида ёдга олинган хотиралар ўз ифодасини топган. Қуйида ушбу пост тўлалигича ҳавола этилади.

Кеча Бухородан учиб кетар чоғимда ғамгин ва қалбни ларзага солувчи воқеага гувоҳ бўлдим. Она ва 6-7 ёшли икки болакай оила бошлиғини Домодедово рейси томон кузатишарди. Англашимча, ота меҳнат қилиб пул ишлаш мақсадида жўнаб кетаётган эди. Ўрта бўйли, оддий чит кўйлак, сариқ чармли пойабзал кийиб олган, кафтида бироз ғижимланган рўмолчани маҳкам ушлаб олган аёл эса ҳар қанча ўзини тутиб, турмуш ўртоғига далда бериш учун жилмайишга ҳаракат қилмасин, офтобда қорайган ёноқларидаги кўзёшлар унинг ички кечинмаларини сотиб турарди. Ҳеч ким кўрмаслиги учун қўлидаги рўмолча билан уларни тез-тез артарди. Болалар ҳали ушбу ҳодиса моҳиятига тўлиғича етмасада, оила учун муҳим бир воқелик содир бўлаётганини англаб турардилар. Юз ифодалари жиддий, қиёфалари мардона бўлсада, кўзларида чексиз ғам гавдаланарди.

Нисбатан каттароқ кўринган ўғил (ёши 7-8 дан ошмагани аниқ) отасига "Биздан ҳавотир бўлманг, дада", дея дадил бош қимирлатди. Хайрлашиб бўлгач, эркак аэропорт ҳудудидаги чегара будкасидан ўтиш учун кириш томон йўналди. Бу ерда милиция ходимлари бирма-бир синчиклаб тафтиш қилиб, ҳужжатларни текшириб, фақатгина йўловчиларни ўтказишар эди. Яна икки-уч қадам юргач, эркак қўққисдан тўхтаб, бир он қотиб турди. Катта спорт сумкасини ерга ташлаб бир зумда ортга бурилиб югурди. Икки ўғлининг ёнига етиб даст кўтариб, маҳкам бағрига босди. Аёл эса бурчагидан пушти гулча кўриниб турган оқ рўмолчасини ғижимлаб икки кафти билан юзини ёпди. Бирор сас чиқмасди. Шундагина оила бошлиғининг юзини кўришга илк бор муяссар бўлдим. Юмалоқ, офтобда қорайган, меҳрибон ва шу билан бирга жуда мардона чеҳра. Ота ўғилларининг юзларини ёноғига босиб кўзларини қаттиқ юмди. У атиги бир неча сония давом этган ҳолатни хотирасига муҳрлашга интилгани сабабми, мен учун айни лаҳзалар тўхтаб қолгандек туюлди.

Фарзандларини бағридан олиб ерга туширгачгина қизариб кетган кўзларига разм солдим. Ана шу нигоҳлар билан рафиқасига қараб, тортинибгина унга қўлини чўзди. Улар ҳадиксираб ниҳоятда таъсирли кўринишда қўл ушлашди. Қуйилиб келаётган ҳиссиётлар бўрони қанчалик кучли бўлмасин, ёш ота-она ўғиллари қаршисида ўта хаёли, покиза бир ҳолатни намоён қилишди. Шу тарзда улар хайрлашдилар. Ота шунда яна ортга бурилиб ердаги оғир юкини қўлига олди-да, бирор марта орқасига қарамасдан будкадан ўтиб шиддатли қадамлар билан аэропорт ичкарисига интилди. Оила эса эркак кўринмай кетганидан кейин ҳам бир зум қимирламай унинг изига тикилиб турар эди.

Отам кўп йиллар мобайнида “Технопромэкспорт” ва “Зарубежэнергострой” гуруҳлари таркибида аввалига Ироқда, сўнг Сурияда муҳандис сифатида меҳнат қилган. Улар мазкур ҳудудлардаги бир қатор иссиқлик энергия станцияларининг қурилишида қатнашган. Отам илк марта сафарга отланганида мен атиги 10 ёшда эдим. 1978 йилнинг февраль ойидаги сафардан олдинги кун ҳозиргидек ёдимда. Эндигина уйқуга кетар чоғим отам ўрнимга яқинлашиб ён тарафга ўтирдилар: 

- Зафар, мен кетгач, сен оиламизнинг бош эркаги бўласан. Уларга ғамхўрлик қил, - дедилар.

Мен ўрнимдан гавдамни кутариб, ўтириб олдим ва отамни маҳкам қучоқладим. Айрилиқ дамларида тез-тез ёдга оладиган лаҳзамни онгимга муҳрлаб олгандим ўшанда. 

Отам жами 8 йил умрини хориж сафарларида ўтказди, деб ўз постини якунлаган Зафар Ҳошимов.

Ён-атрофимизда ана шундай инсонлар йўқ эмасми? Бор, албатта. Улар шунчаки, сокинлик ва сабр-матонат билан ўз ишларини, тўғрироғи бурчларини бажаришмоқда. Бу бурч ҳалоллик, тўғри йўл билан ўз оиласини тебратиш, фарзандларини вояга етказишдан иборат. Пост муаллифи ўзбеклардаги айнан мана шу ҳислатни эътироф этган, назаримизда. Бу фазилат барчамиз учун гўзал ўрнакдир.

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 71425 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37185 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21542 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81228 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 61913 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 753 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 576 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 589 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 258 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 541 Маданият
Кўпроқ янгиликлар