Американинг йирик компаниялари кетма-кет иккинчи чоракда ҳам икки сонли даромад даражасига эришмоқда, бу 2011 йилдан бери кузатилмаганди, деб хабар қилган The Wall Street Journal.

Аниқлик киритилишича, бу ҳолат харажатларни қисқартириш, долларнинг кучсизланиши, шунингдек, аҳолининг истеъмол имкониятлари ўсиши билан боғлиқ.

Нашрнинг Thomson Reuters агентлиги маълумотларига асосан таъкидлашича, иккинчи чоракда S&P 500 индекси вакилларида ўртача даромад ҳажми 11 фоизга тенг бўлади. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил қилганди.

Бундан ташқари, маълум қилинишича, компаниялар даромади Оқ уй сиёсий можаролар сабаб ваъда қилинган ва мамлакатда бизнесни рағбатлантиришга қаратилган қатор чораларни қабул қила олмаганига қарамай ўсиб бормоқда. 

Кўплаб компаниялар томонидан сўнгги йилларда қабул қилинган харажатларни камайтириш бўйича дастурлар ўз мевасини бера бошлади. Масалан, жорий чоракда сотувлар даражаси ўртача 5 фоизга ўсди, долларнинг кучсизланиши эса корпорацияларга ўз маҳсулотларини хорижда осонлик билан сотишга имкон берди.