Дунёда турли модель ва бренддаги автомобиллар кўп. Улар орасида энг арзонларидан тортиб, ўртаҳол оилага мўлжалланганлари, дабдаба ва ҳашамли автомобиль турлари жуда кўп. Аммо шулар орасида Буюк Британиянинг Rolls-Royce компанияси ишлаб чиққан машиналарнинг ўз ўрни бор. Қуйида ушбу компаниянинг Rolls-Royce Phantom модели тарихи ҳақида фотосуратларда ҳикоя қиламиз. 

Rolls-Royce Phantom I — 1906 йилдан 20 йил давомида ишлаб чиқилган Silver Ghost моделининг бевосита вориси ҳисобланади. Британия заводи фақат шасси ва бошқа барча механик қисмини ишлаб чиққан, кузовни буюртмачи ўз хоҳишига кўра, кўп сонли дизайн ательеларнинг биридан танлаши мумкин эди. Бу каби иш юритиш 1950 йилларгача қўллаб келинди. 

Биринчи «Фантом» шассиси Silver Ghost моделига тегишли эди. Унга 7.7 литрли, 6 цилиндрли двигатель, уч босқичли механик узатмалар қутиси ва барча ғилдиракларига ўрнатилган сервоприводли тормоз механизмлари билан жиҳозланган. 

Иккинчи авлод Phantom 1929 йилда пайдо бўлди. У янги шассида ишлаб чиқилган, аввалги двигателнинг такомиллашган намунаси ва 4 босқичли МУҚқа эга эди. У ҳам турли ательеларда ишлаб чиқилган ҳар хил кузовларга эга эди.

Суратларда — Continental модификацияси. Унинг ғилдираклар асоси бирмунча қисқароқ, қаттиқроқ пружиналар ўрнатилган, мотори кучайтирилган. Бу автомобиль ўша вақтларда ақл бовар қилмас соатига 160 км тезликда ҳаракатлана оларди.

Rolls-Royce Phantom III илк бор 1936 йилда намойиш қилинди. У V12 двигателига эга бўлди. Бу автомобиль 1998 йилгача компаниянинг шундай мотор ўрнатилган ягона модели бўлиб қолди. 1998 йили харидорларга Silver Seraph ҳавола қилинди.

1938 йилда Phantom III синовини ўтказган Autocar журнали ёзишича, у нолдан соатига 96 км тезликка 16,8 сонияда эришган. Унинг энг юқори тезлиги соатига 140 кмни ташкил этган. Синов вақтида ёқилғи сарфи 100 кмга 28 литрни ташкил этган. 

Тарихдаги энг ноёб «Фантом» 1950-56 йилларда 18 дона ишлаб чиқилган. Шундан 17 таси сотилган, уларнинг 16 тага яқини музейлар ва хусусий коллекцияларда сақланиб қолган. Суратда тўртинчи авлод «Фантом»нинг илк нусхаси. Унда қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филипп.

Айтиш жоизки, бу машиналар қироллар оилалари аъзолари ва давлат раҳбарларига берилган. Уларнинг ҳар бири 8 цилиндрли двигатель ва 1954 йилдан 4босқичли АУҚ билан жиҳозланган. Бу «Фантом»лар учун кузовлар асосан Mulliner ва Hooper ательеларида ясалган.

«Фантом»нинг бешинчи авлоди 1959-1968 йилларда ишлаб чиқилган. Жами 516 дона автомобиль ишлаб чиқилган, улардан бири Жон Леннонга тегишли эди. Бу автомобиллар 6.2 литрли V8 двигатели, General Motors компаниясининг 4 босқичли АУҚ, рул бошқаруви кучайтиргичи ва барабанли тормозлар билан таъминланган. 

Олтинчи авлод Phantom 1968 йилдан 1990 йилгача турли кузовларда, хусусан лимузин тарзида ҳам ишлаб чиқилди. Умуман, ундан жами 374 дона автомобиль мижозларга етказилган. Олтинчи Phantom қиролича Елизавета II нинг 2002 йилгача расмий автомобили ҳисобланган. 

У олтинчи Phantom негизида барпо этилган кабриолет бўлиб, қурилишига 2 йил вақт сарфланган. Машина 6.2 литрли V8 ва АУҚ билан жиҳозланган. Автомобиль Rolls-Royce назоратидан ўтиб, кафолатига эга бўлган. 

2003 йилда янги «Фантом» пайдо бўлди. Шундан сўнг, компания эгалиги Германиянинг BMW компаниясига ўтди. Модель қатор янгиланишлар билан 2016 йилгача ишлаб чиқилди. 2018 йилдан уни бутунлай янги алюминий платформада ишлаб чиқиладиган машина алмаштиради. 

Бунинг натижасида Phantom оиласи янги купе ва кабриолет билан тўлди. Автомобиллар 6.75 литрли V12 двигатели ва АУҚ билан жиҳозланган. Аксар «Фантом»лар аввал бўлгани каби махсус буюртма асосида ягона нусхада ишлаб чиқилади. Хитойдаги меҳмонхоналардан бири 30 дона автомобилга буюртма бериб, энг йирик харидни амалга оширган. 

Дастлаб, BMW компанияси энг сўнгги Rolls-Royce моделига 9.0 литрли V16 моторини ўрнатишни режалаштирган ва бир нечта прототипни ишлаб чиқди. Аммо, алалоқибат энг тежамкорини маъқул кўришди. Ҳозирда, Phantom жиддий ўзгартирилган BMW шассисига барпо этилади.