Испания фуқаро гвардияси мамлакатдаги банклардан бирининг ходимасини фирибгарликда гумон қилиб ҳибсга олди. Бу ҳақда Аликанте вилояти ҳуқуқ-тартибот идораси ахборотномасига асосланиб ТАСС хабар қилмоқда. 

Қўлга олиш жараёни Алморади аҳоли пунктида амалга оширилган. Тергов томонига кўра, 51 ёшли испаниялик аёл молиявий муассасанинг 25 йиллик мижози бўлган 80 яшар россияликка тегишли 1,5 млн доллар маблағни ўзлаштириб олган. Аёл банк фирибгарлиги ва ҳужжатларни сохталаштиришда гумон қилинмоқда. 

Суриштирув ишлари бир ой муқаддам, россияликнинг Испания фуқаролик гвардиясига мурожаатидан сўнг бошланган. Бунга унинг банк ходимаси 25 йил мобайнида ундан 1,5 млн маблағини ўзлаштиргани мумкинлиги ҳақидаги таъкидлари сабаб бўлган. Маълум бўлишича, РФ фуқароси жуда кам ҳолларда банк ҳисоб рақамидан маълумотнома сўраган, аммо июнь ойида у маблағини бошқа банкка ўтказишга қарор қилган.

У батафсил маълумотнома билан танишгач, пулларнинг бир қисми етишмаётганини аниқлаган. Тергов чоғида аниқланишича, аксар пул ўтказмалари мижоз молиявий амалиётни бевосита тасдиқлай олмайдиган ҳолатда, яъни Россияда бўлган вақтда амалга оширилган. 

Мижоз ҳар сафар Россияга кетганидан сўнг, унинг ҳисобидаги маблағлар камайган. У ҳисоб рақамидан кўчирма талаб қилганида унга қалбакилаштирилган ҳужжатлар тақдим этилган.