Қатар билан дипломатик алоқаларни узган қатор араб давлатлари Доҳага нисбатан қандай қадамлар қўйилиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас. Доҳа билан муносабатлардаги кескинликка қаратилган курс ички сабаблар туфайлидир. Бу ҳақда Қатар ТИВ раҳбари Муҳаммад бин Абдураҳмон Ал-Таний «Ал-Жазира» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Қатар дипломатияси раҳбари Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн ТИВ раҳбарлари билан Манамадаги учрашув якунларига изоҳ берган.

Унинг сўзларига кўра, ушбу учрашув қарама-қарши изоҳлар билан эсда қолди. «Аввалига тўрт давлат вакиллари 13 та талабдан иборат рўйхатнинг долзарблиги йўқолганини маълум қилишди, кейин эса Манамадаги учрашувда бу ҳужжатни яна фаоллаштиришди», - дея аниқлик киритди Ал-Таний.

Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, Доҳа муаммони фақатгина дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори. «Доҳанинг позицияси инқирознинг биринчи кунлариданоқ ўзгаришсиз қолмоқда. Биз мамлакатимиз суверенитетига ҳурматга асосланган ечимга чақирамиз», - дея қайд этди Ал-Таний.