Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, АҚШ Россияда қайси дипломатлар ва дипваколатхонанинг бошқа ходимлари ишлашда давом этишини ўзи ҳал қилиши мумкин. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.

«Бу АҚШнинг танлови бўлади. Путин гапирганида, бу дипломатлар ва техник ходимлар эканини айтганди. Гап фақатгина дипломатлар ҳақида бормаяпти, бундай кўп дипломатлар йўқ. Гап дипломатлар ҳақида ҳам, нодипломатик мақомга эга шахслар ҳақида ҳам», - деди Песков Россияни ким тарк этишини қайси томон аниқлаши ҳақидаги саволга жавоб қайтариб.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг АҚШга қарши жавоб чоралари сифатида Россияни 755 нафар америкалик дипломат тарк этиши ҳақида маълум қилганди.