«Барселона» ҳужумчиси Неймар 1 август куни Қатарда «ПСЖ» учун тиббий кўрикдан ўтади. Бу ҳақда Marca хабар тарқатди.

Қатардаги Al Watan нашри хабарига кўра, 25 ёшли бразилиялик футболчи Доҳада парижликлар клуби президенти Носир Ал-Ҳелайфи билан ҳам учрашади.

Бундан аввалги хабарларда Неймар 2 август куни тиббий кўрикдан ўтиши, у «ПСЖ»га трансфер бўлса, Париж клубига эгалик қиладиган Qatar Sports Investments компанияси билан ҳам шартнома имзолаши айтилганди. Келишувга кўра, бразилиялик футболчи Қатардаги 2022 йилги жаҳон чемпионати элчиси бўлади, унинг клубдаги йиллик маоши миқдори 60 млн евро (5 йиллик шартнома орқали у 300 млн евро ишлаши мумкин) бўлади.

«ПСЖ» Неймарни 222 млн евро эвазига харид қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, УЕФА «ПСЖ» бу футболчини фэйр-плей қоидаларига риоя қилган ҳолда сотиб олиши учун бошқа футболчиларини 110 млн еврога сотиши кераклигини билдирган.