Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Қатарнинг мусулмонларнинг Маккага ҳаж зиёратини байналмилаллаштириш ҳақидаги талаби қиролликка қарши “уруш эълон қилиниши” ҳисобланишини айтди. Бу ҳақда  Al Arabiya хабар берди. 

“Қатарнинг муқаддас жойларни байналмилаллаштириш талаби тажовузкорлик ва қиролликка қарши уруш эълон қилиш ҳисобланади”, деб айтди ал-Жубайр.

Унинг айтишича, Саудия Арабистони муқаддас жойларни байналмилаллаштириш устида ишлаётган исталган мамлакатга жавоб беришга ҳақли. 

Шу билан бирга Қатар бундай талабни қўйганининг ҳеч қандай расмий тасдиғи йўқ.

Бироқ Қатар Ар-Риёд Маккага ҳаж сафарини сиёсийлаштирганини эслатиб ўтган, ваҳоланки ислом бошқа динлар каби муқаддас жойлар ва ҳажни ўтказишда сиёсат йўқлигини назарда тутади.