Европанинг эркин кураш бўйича ўсмирлар ўртасида икки карра чемпиони Юрий Власконинг ўлимига доир тафсилотлар маълум бўлди. Маълумотларга кўра, унга оммавий ур-йиқит чоғида ҳалокатли жароҳат етказилган.

Аввалроқ, халқаро тоифадаги спорт устасининг жасади ўткир тиғли асбоб билан етказилган жароҳатлар билан 29 июлга ўтар кечаси соҳилбўйида топилгани айтилганди. Бу хабарни Бурятия Тергов бошқармаси ҳам тасдиқлаган эди. 

«Ёш йигитга тўдаларнинг ўзаро тўполонида оғир жароҳат етказилган. Айни вақтда, зиддият иштирокчилари аниқланган, гумондорларни аниқлаш бўйича иш олиб борилмоқда», — дея Бурятия Тергов бошқармаси раҳбари катта ёрдамчиси Дмитрий Столяров сўзларини келтиради РИА Новости.

Матбуотнинг ёзишича, Власко Улан-Удэда бўлиб ўтаётган халқаро ўсмирлар мусобақаси меҳмонларига маҳаллий табиатни кўрсатиш учун Байкал соҳилига борган. 

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, арзимаган тортишув юз берган, шундан сўнг автомобилларда қандайдир одамлар пайдо бўлган. Улар сўзлашиб ҳам ўтирмасдан совуқ қурол ёрдамида спортчини жонидан маҳрум қилишган.

Спортчининг дўстлари жароҳатланган спортчига ёрдам беришга уринишган, аммо Власкони сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. 

Шу билан бирга, фожиа гувоҳларига кўра, ташқаридан унга ҳеч ким ёрдам бермаган.

«Унга ҳеч ким ёрдам бермаган. Полиция шифокорларни кутди. Соҳил хизмати эса, воқеаларнинг қароргоҳи яқинида содир бўлганига қарамай ёрдамга келмади. Спортчининг дўстлари 20 дақиқалардан сўнг уни қандайдир машинага солишган. Бироқ, улар улгурмасликлари аниқ эди», — дея гувоҳлар сўзларини келтиради Agirus.tv.