28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икрамов Саудия Арабистонининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳишам ибн Мишал бин Сувайлим Ол Сувайлим билан учрашув ўтказди.

Икрамов Ўзбекистон томони Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатишга катта эътибор қаратилганлигини таъкидлаб, давлатлар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий ва маданий алоқалар нафақат бугунги кунда балки тарихдан чуқур илдиз олганлиги ҳақида гапириб ўтган.

Музраф Икромов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги ўртасида имзоланиши режалаштирилган англашув Меморандуми ҳақида гапириб ўтди.

Жумладан, ушбу Меморандум келажакда икки мамлакатнинг ҳуқуқий соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишига, икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамдўстлик алоқаларини ўрнатилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Ўз навбатида элчи Ҳишам Ол Сувайлим ташкил этилган учрашув юзасидан ўз миннатдорчилигини билдириб, Саудия Арабистони Ўзбекистон Республикаси билан барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади. Бунга яққол мисол сифатида Адлия вазири томонидан таъкидланган икки давлат адлия вазирликлари ўртасида ўрнатилган ҳамкорликни келтириш мумкин деб гапириб ўтди.

Элчи Ўзбекистон Республикаси Саудия Арабистони Подшоҳлигининг энг яқин ҳамкори эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ислоҳотлари Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланишини билдириб ўтди.