Англия Банки ходимлари 50 йил ичида илк бора маошни ошириш талаби илгари сурилган иш ташлашни бошлашди, деб хабар бермоқда Reuters.

Аниқлик киритилишича, уч кунлик иш ташлаш 323 йиллик тарихга эга банк директорлар кенгашининг йиғилиши билан бир вақтда бўлиб ўтади, унда муҳим ставка бўйича қарор қабул қилинади.

Акцияда хизмат кўрсатиш ва хавфсизлик хизмати ходимлари иштирок этмоқда.

Англия Банки раҳбари Марк Карнининг юз қиёфаси тасвирланган ниқобларни кийиб олган тахминан 15 ходим Лондондаги офис ёнида пикет ўтказди.

Unite касаба уюшмасига кирувчи ходимларнинг маълум қилишича, улар банк касаба уюшмасининг розилигисиз жорий этилган “кулгули” маошларга қарши норозилик намойиши ўтказишмоқда.

Касаба уюшмаси маълумотига кўра, иш ташлашни ўтказиш учун овоз берганларнинг аксарияти йилига 26,4 минг доллар ишлаб топади. Шу билан бирга, Англия Банки вакилининг хабар беришича, Unite иш ташлашида ходимларнинг тахминан 2 фоизи иштирок этмоқда.