Австралиянинг Дарвин шаҳридаги Channel 9 телеканали таҳририятига кутилмаган меҳмон – бўғма илон кириб қолди. У компьютерлардан бири ортига яширинган бўлган, деб хабар бермоқда The Telegraph нашри.

Журналистлар илонни тутиш жараёнини видеога олишган. Ходималардан бири уни кийим осгич билан тортиб олишга муваффақ бўлган. Шундан кейин у илонни қўллари билан ушлаб, уни пакетга солишга уринган. “Ё Тангри, у кичкина эмас экан”, деб айтган кадр ортида кимдир.

Роликни каналнинг янгиликлар бўлими директори Кейт Лимо твиттердаги саҳифасида жойлаштирган ва унга рақобатчиларга билдирилган ҳазиломуз мурожаат бириктирган: “Ҳой, NTNews – сиз илонларни биринчи саҳифага жойлаган бир пайтда, биз уларни таҳририятимизда тутмоқдамиз!”.

NTNews ҳам бунга “Илонлар бизнинг идорага келмайди. Уларни тимсоҳлар ҳуркитади”, деб муносиб жавоб қайтарган.