Австралия чемпионатининг «Пёрт Глори» жамоаси аъзоси Ростин Гриффитс фаолиятини Тошкентнинг «Пахтакор» клубида давом эттириши ҳақиқатга яқин. Ушбу футболчи билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабар клуб матбуот хизмати томонидан тасдиқланган.

«Айни кунларда жамоамиз таркибига осиёлик футболчини қўшиб олиш юзасидан музокара олиб бормоқда. Австралия А лигасида «Перт Глори» сафида ўйнаётган ярим ҳимоячи билан клубимиз музокараларга киришган. Ҳар икки томон келишувга эришган тақдирда шартномага имзо чекилади ва Гриффитс фаолиятини жамоамизда давом эттиради», дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ ушбу инглиз футболчиси фаолиятини Ўзбекистон чемпионати жамоаларидан бирида давом эттириши мумкинлиги, унга 600 минг доллар миқдоридаги йиллик маош таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот ўрнида, ушбу яримҳимоячи фаолиятини «Блэкберн Роверс» жамоасида бошлаган. Сўнгра, Шотландиянинг «Гретна», Англиянинг яна бир жамоаси  «Аккрингтон Стэнли»,  Нидерландиянинг «Рода»,  Австралиянинг «Аделаида Юнайтед», «Сентрал Кост Маринерс», «Норт Квинсленд Фури» ва «Перт Глори» жамоаларида тўп сурган.