Покистон парламенти собиқ нефть вазирининг бош вазир этиб тайинланишини қўллаб-қувватлади

Жаҳон 01 Август 2017 3390
Фото:AFP 2017 / Aamir Qureshi

Покистон миллий йиғини 1 август куни кўпчилик овоз билан собиқ нефть ва табиий захиралар вазири Шоҳид Ҳақон Аббосийни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинланишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда палата спикери Сардор Аёз Содиқ маълум қилди.

Аббосий 221 та овоз тўплаган. Аббосий аъзоси ҳисобланувчи Покистоннинг ҳукмрон партияси – Покистон мусулмон лигаси парламент қуйи палатасидаги 342 та ўриндан 188 тасини назорат қилади. Бундан ташқари, Аббосий номзодига партия иттифоқдошлари ҳам овоз берган.

Аббосийнинг ғалабасини мухолифат ягона номзодни қўя олмагани енгиллаштирган. Ҳаммаси бўлиб 5 номзод қўйилган.

Аббосий бош вазир лавозимида Покистон мусулмон лигаси етакчиси Навоз Шарифнинг ўрнини эгаллайди. Ўтган ҳафтада мамлакат олий суди аксилкоррупция тергови натижаларига кўра Шарифни бу лавозимдан четлатганди. Аббосий мамлакат президенти Мамнун Ҳусайн олдида қасамёд қелтиргач, боош вазир лавозимига расман киришади. Бу 1 август кечки вақт бўлиши кутилмоқда.   

Янги бош вазир бу лавозимни вақтинчалик – парламентга сайловлар давомида Шарифнинг вориси – унинг укаси Шаҳбоз Шариф сайланмагунча, яъни ярим ойча эгаллайди. Ҳокимият топширилишининг бундай схемаси партия раҳбарияти томондан келишилган ва шахсан Навоз Шариф томондан маъқулланган. Шаҳбоз Шариф эса айни вақтда Панжоб вилояти раҳбари ҳисобланади. У бош вазир бўлиши учун Миллий йиғин депутати бўлиши керак.    

Кўпроқ янгиликлар