Франциянинг ЕDF компанияси Сирдарё вилоятида қуввати 900 МВт бўлган иссиқлик электростанциясини қуриш бўйича техник-иқтисодий асос лойиҳасини ишлаб чиқиш учун тендерда ғолиб бўлди. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» АЖ хабар қилмоқда.

Маълумотларга кўра, ЕDF лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун маслаҳатчи танлови ва базавий лойиҳалаштириш, шунингдек, «Сирдарё вилоятида қуввати 450 МВт.дан бўлган иккита буғ-газли қурилма блоки таркибида янги иссиқлик электростанциясини қуриш» доирасида ИЭСни барпо этиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш бўйича тендерда ғолиб бўлган.

Аввалроқ «Ўзбекэнерго» АЖ 2016-2018 йилларда Сирдарё вилоятида қуввати 900 МВт бўлган янги иссиқлик электростанциясини қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар қилинганди.

Станция лойиҳаси ўз ичига ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита буғ-газли қурилма блокини қуришни олади.

Лойиҳанинг дастлабки қиймати 910 млн долларни ташкил этади, бунда 500 млн долларлик хорижий кредитлар ҳам ҳисобга олинган.

Янги ИЭСнинг қурилиши «Ўзбекэнерго»нинг мамлакат электроэнергетика соҳасини 2015-2019 йилларда ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилади.