РИА Новости’га кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп молиячи Энтони Скарамуччини Оқ уйнинг коммуникациялар бўйича директори лавозимидан тайинланганига бор-йўғи 10 кун тўлганда бўшатди, дея хабар қилишмоқда Америка етакчисининг маъмуриятида.

«Жаноб Скарамуччининг ҳисоблашича, аппаратнинг (янги) раҳбарига ўз жамоасини тузиш учун тўла эркинлик берилганида яхши бўлар эди», — деган АҚШ маъмурияти матбуот котиби Сара Сандерс.

Илгарироқ Скармуччининг истеъфога чиқарилганини The New York Times нашри маълум қилган эди. Нашрнинг маълумотларига кўра, у Оқ уй аппаратининг янги раҳбари Жон Келлининг талаби билан ишдан бўшатилган.

Ўтган ҳафтада Оқ уй аппаратининг олдинги раҳбари Райнс Прибас ва Трампнинг матбуот котиби Шон Спайсер истеъфога чиқарилган эди. Аппаратнинг янги раҳбари этиб, истеъфодаги генерал, шу вақтгача ички хавфсизлик вазири бўлиб ишлаган Жон Келли тайинланган. Матбуот котиби лавозимига эса Сара Сандерс тайинланган.

Улар билан биргаликда Оқ уйга Прибас ва Спайсер истеъфосининг сабабчиси, дея атаб келинаётган коммуникациялар бўйича янги директори Энтони Скарамуччи ҳам келган. Азалдан бой молиячи сифатидан танилган Скарамуччи ишининг дастлабки кунлариданоқ идорадаги ҳозирги ва собиқ ходимлар шаънига қўпол сўзлар ишлатгани билан тилларга тушган эди.

Коммуникациялар бўйича янги директор билан телефон орқали сўзлашишга мушарраф бўлган New Yorker журналисти Райан Лиццнинг сўзларига кўра, Скарамуччи аппаратнинг ўша пайтдаги раҳбари Райнс Прибасни «жин урган параноик ва шизофреник», деб атаган. Ундан ташқари президентнинг стратегик масалалар бўйича ёрдамчиси Стивен Бэннонни танқид қилган ва у Вашингтонда фақат ўз манфаатларини ҳимоя қилаётганини таъкидлаган.

Сўнгроқ Скарамуччи «қизғин иборалар»дан фойдаланганини тан олган ва келгусида журналистларга ишонмаслигини ҳам маълум қилган.