Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширган абитуриентлардан 217 нафари 1 август кунги тест имтиҳонларида қатнашмади. Бу ҳақда университет ректори, юридик фанлари номзоди Есемурат Каньязов Кун.uz мухбирига маълумот берган. 

Маълум қилинишича, имтиҳон куни 163 нафар абитуриент ёнида телефон, шпаргалка ва бошқа воситаларни олиб кирмоқчи бўлгани аниқланган. Улардан 39 нафари ўз ихтиёри билан воситаларни топширган, уларга далолатнома тузилиб, улар имтиҳонга киритилган. 

124 нафар абитуриент эса текширув вақтида фош бўлгани учун улар дарҳол имтиҳонлардан четлатилган. 

Маълумот учун, бу йил Тошкент давлат юридик университетида 600та қабул квотаси белгиланган, қабул жараёнида 6 123 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Имтиҳонлар «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасининг 4та павильони ва иккита аудиториясида бўлиб ўтди. Имтиҳон жараёни онлайн трансляция қилинди. 

Қайд этиш керакки, ўтган ой давомида ушбу университетда 1 август куни телефон ёки бошқа воситалар олиб кирмоқчи бўлган абитуриентлар тест имтиҳонларига қўйилмаслиги ҳақида оммавий ахборот кампанияси олиб борилганди.