Фото: Kun.uz

1 август куни Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари бўлиб ўтди. Хусусан, «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуаси биноларида Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари ўтказилди. Кун.uz мухбирлари жойларда бўлиб, жараённи ёритишди.

Маълумки, ушбу йилда Тошкент давлат юридик университетига имтиҳон жараёнида текшириш, кузатиш ва назорат ишларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари, ички ишлар ходимлари, божхона, прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати ҳамда университет ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинган. Абитуриентлар икки тартибда ташқи ва ички назоратдан ўтказилди.

«Ўзэкспомарказ»нинг очиқ ҳудудида «Шпаргалка, валюта ва бошқа буюмларни ўз ихтиёрингиз билан топширишингиз керак. Тегишли ходимлар томонидан топилса, далолатнома тузилади ва тестдан четлатиласизлар», дея эълон бериб борилди. Абитуриентлар жуда жиддий тарзда назоратдан ўтказилди, уларнинг ҳаттоки оёқ кийимлари ҳам ечилиб, тегишли тартибда текширилди.

Бироқ, баъзи «уддабурон» абитуриентлар шунча огоҳлантиришлар қилинганига қарамай, турли шпаргалка ва алоқа воситаларини ўзлари билан бирга олиб киришга уринди. Уларга нисбатан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, тест имтиҳонларидан четлаштирилди.