Эрон президенти аёл сиёсатчини вазир этиб тайинлай оладими?

Жаҳон 02 Август 2017 5706
Фото: The Guardian

Расмий Теҳрон мамлакатни амалда бошқараётган Ҳасан Руҳонийнинг иккинчи тантанали қасамёд маросимини шу ҳафтанинг якшанба куни​ ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Шу билан бирга келгуси 4 йил давомида Руҳоний ўзи билан иш бошлаши кутилаётган вазирлар, юқори давлат хизматчиларининг рўйхатини ўқиб эшиттиради. Мустақил кузатувчи ва экспертларни бир савол қизиқтиради: вазирлар таркибида гендер мувозанати тикланадими?

Эрон ички сиёсатида аёл кишининг юқори давлат лавозимини эгаллаши, сиёсий таъсир доирасини кенгайиши ноодатий ҳолат ҳисобланади. Мамлакатни 2013 йилдан бери бошқариб келаётган президент Руҳоний маъмуриятида бир неча аёл сиёсатчилар вице-президент ва шу турдаги лавозимларда фаолият олиб борган. Аммо аёллар томонидан эгалланган курсилар Эрон оламида нисбатан кучсиз «баланд жой»лар ҳисоблаб келинади. Эндиликда ислоҳотчи Руҳоний вазирлардан бирини аёл кишилардан танлайдими, буниси номаълум бўлиб турибди.

Агар бундай вазият юз берган тақдирда, «Мажлис» (Парламент) президент томонидан тақдим этилган аёл вазир номзодини тасдиқлаши керак бўлади. Бу эса Ҳассан Руҳонийга босимни янада кучайишига олиб келиши мумкин. Май ойида ўтказилган президентлик сайловларидан олдин Руҳоний тарафдорларидан бири Шаҳиндохт Мулаварди сиёсатчи аёллардан уч нафари вазир бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Айни пайтда мамлакатда катта ҳурматга эга вице-президент Шаҳиндохт Мулаварди аёл ва оила масалалари бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

1979 йил Эронда юз берган инқилобдан сўнг, мамлакатда аёл кишини вазир этиб тайинлаш қонуни бугунги кунга келиб, амалда ўз кучини йўқотиб бўлган. Гап шундаки, 2009 йили собиқ президент Аҳмадинажот уч аёл кишини вазирлик лавозимига номзод этиб кўрсатган ва улардан бири, Марзия Воҳид-Дастжарди «Шоҳ инқилоби»дан бери биринчи аёл вазирга айланганди. Тарихий амалиёт Ҳассан Руҳонийга буни яна бир бор такрорлашда катта ёрдам бериши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар