Саудия Арабистони билан дипломатик инқироз ёқасида турган Қатар ҳукумати кескин чораларни кўриб чиқмоқда. Расмий Доҳа Италиядан 5 миллиард евро қийматидаги еттита ҳарбий сув кемаси сотиб олишга қарор қилган. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал-Сани пойтахт Доҳада италиялик ҳамкасби билан учрашуви чоғида баёнот берган.

"Биз Қатар ҳарбий-денгиз кучлари номидан савдо шартномасини имзоламоқдамиз. Италиядан сотиб олинаётган еттита сув кемасининг умумий қиймати беш миллиард евро атрофида баҳоланган”, - деб таъкидлаган у.

АҚШнинг минтақадаги муҳим ҳамкори ҳисобланган митти амирлик Саудия Арабистони томонидан бошқарилаётган блок “қамал“идан чиқиб кетишга уринмоқда ҳамда барча айбловларни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июнь куни Саудлар оиласи ва унинг иттифоқчилари, жумладан БАА ва Миср ҳам Қатар билан дипломатик алоқаларни номаълум муддатгача тўхтатиб қўйган. Қатар расмийлар фаол террористик гуруҳларни молиявий қўллаб турганликда ва Эрон шиалари билан алоқада бўлганликда айбланмоқда.