Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилади

Ўзбекистон 02 Август 2017 4318

Ўзбекистонда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига асосан ташкил этилди.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Ўзбекистон раҳбари комиссияга 2017 йил 15 сентябрга қадар муддатда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифларни киритиш вазифасини топширди.

Хусусан, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, камчиликлар ва коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлил қилади.

Шунингдек, комиссия ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини танқидий ўрганади.

Комиссия тиббий-малакавий комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тартиб-таомилларни ўтказишни соддалаштириш ва уларнинг муддатларини қисқартириш мақсадида қайта кўриб чиқади.

Бундан ташқари, ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар аҳволи таҳлил қилинади.

Комиссия ногиронлар учун протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник янгилаш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказади ва таклифларни тайёрлайди.

Кўпроқ янгиликлар