Париж ва Брюсселдаги терактлар иштирокчилари аҳолининг маълум бир қатлами орқали молиялаштирилган бўлиб, бунда ижтимоий тўловлардан фойдаланилган.

Бу ҳақда Libre Belgique газетаси Бельгия молиявий маълумотни қайта ишлаш хизматига асосан хабар бермоқда.

Идора теракт иштирокчилари даромадини ўрганиб чиқди ҳамда маблағларнинг аксарият қисми иш ҳақи, ишсизлик бўйича нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловлардан келиб тушганини аниқлади.

Шу билан бирга, нақд пуллар ёрдамида молиялаштириш фаол тарзда амалга оширилган, ушбу маблағлар эҳтимол гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жиноий фаолиятдан олинган.

Аввалроқ Париж ва Брюсселдаги терактларни ташкиллаштирган шахслар Бельгиядаги мактабда қурол-яроғни сақлагани маълум бўлганди.

2015 йилнинг 13 ноябрь куни кечқурун Париж ва унинг яқинидаги Сен-Денида қатор терактлар юз берди, бунинг натижасида 130 киши ҳалок бўлиб, 350 дан ортиқ инсон жароҳатланди. Ҳужумлар ташкилотчиси сифатида тан олинган Салоҳ Абдусалом 18 март куни Брюсселдаги Моленбек коммунасида қўлга олинди. Айни кунда гумонланувчи Флери-Мерожидаги қамоқхонанинг бир кишилик камерасида сақланмоқда. 

Брюсселдаги терактлар эса 22 март куни эрталаб юз берди. Иккита портлаш халқаро аэропортда, яна биттаси – «Мальбек» бекатидаги метро вагонида юз берди. Ҳужумлар натижасида 32 киши ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ инсон жароҳатланди.