АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ва унинг яқин атрофидагилар Массачусетснинг собиқ губернатори Девал Патрикни 2020 йилги сайловларда АҚШ президенти лавозимига номзод сифатида илгари сурмоқдалар. Бу ҳақда Politico нашри хабар бермоқда

60 ёшли Патрик 2007 йилда Массачусетс штатига бош бўлган илк афроамерикалик бўлган. Айни вақтда у Bain Capital молия фирмасида ишлайди.

Нашр маълумотларига кўра, Обама сайловолди штабининг собиқ стратеги Дэвид Аксельрод Патрик билан бу мавзуда бир неча маротаба гаплашган.

Патрик афроамерикалик бўлгани сабабли унинг кампанияси Айова, Нью-Гэмпшир ва айниқса Жанубий Каролинада яхши қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Обаманинг ўзи ҳам юзма-юз суҳбатларда Патрикка ўз номзодини Демократлар партиясидан президентлик сайловларига қўйиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилган.

Шунингдек, Обаманинг собиқ маслаҳатчиси ва дўсти Валери Жарретт сайловларга Патрик номзоди қўйилишини жуда ҳам исташини айтган.