АҚШ президенти Доналд Трамп Россия Федерациясига қарши янги санкциялар тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй вакилига асосланиб Америка нашрлари хабар тарқатмоқда.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс ҳам бу маълумотни тасдиқлади.

АҚШ Сенати ўтган ойда Россия, Эрон ва КХДРга қарши санкцияларни кучайтирувчи қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Бундан аввалроқ, Вакиллар палатаси аксар кўпчилик овоз билан уни тасдиқлаганди.

Трамп Россияга қарши санкциялар кенгайтирилишини назарда тутувчи ўзи имзолаган қонунни нуқсонли деб атаган.

«Эрон, Шимолий Корея ҳамда Россиянинг тажовузкор ва беқарорлаштирувчи ҳаракатларини жазоловчи ва тутиб турувчи қатъий чораларни қўллаб-қувватласам ҳам, бу қонун жуда нуқсонлидир.

Қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишга интиларкан, Конгресс унга бир қатор конституцияга зид ҳолатларни киритди», деган у.

Бундан ташқари, Трамп давлат раҳбарини Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш борасидаги мутлақ ваколатидан маҳрум қилишга бўлган уринишни танқид қилган.

Трамп қонун реализацияси Украина инқирозини бартараф этишга тўсқинлик қилмаслигига умид билдирган.

Россия иқтисодиётига қарши йўналтирилган қонун лойиҳаси соҳавий санкцияларни кўзда тутади. Хусусан, у Америка санкциялари рўйхатига киритилган Россия банкларини молиялаштиришнинг энг юқори муддатини имкон қадар қисқартириб, 14 кунга туширади. Нефтегаз соҳасини молиялашни 60 кунгача қисқартиради. Қолаверса, бу санкциялар технологик чекловларни ўз ичига қамраб олган.

Бу галги санкциялар ўтган сафаргисидан бир неча кучли асоратларга эга бўлиши мумкин.  Янги санкцияларга кўра, рус банклари ва молия институтларининг Ғарбдан 2 ҳафтадан ортиқ муддатга маблағ ола олмаслиги Россия иқтисодиётини, энергетика соҳасини оғир аҳволга тушириб қўяди ва узоқ муддатли истиқболда Россия иқтисодиётига жиддий зарба бўлади.

Иккинчи совуқ уруш нафаси: Путин жавоб юришини амалга оширди