Тошкент вилоят жиноий ишлар судида Ўзбекистоннинг илк “молиявий эҳроми”га асос солган Аҳмаджон Турсунбоев устидан очиқ суд мажлиси бошланди. Буни вилоят суди вакили Кун.uz’га тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, очиқ шаклда ташкил этилган судга жиноий ишлар бўйича судья Дилшод Комилов раислик қилмоқда. Вилоят суди ходимининг айтишича, 2 август куни суд ўз ишини давом эттирган. Биринчи мажлис ўтган ҳафтада бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июнь куни ЎзМТРК «Тошкент» телеканалида Ўзбекистон ҳудудида молия пирамидаси ташкил этган, халқ орасида "Аҳмадбой" дея ном қозонган, ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланиб келган Аҳмаджон Турсунбоевнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида қисқа махсус репортаж намойиш этилди. 

Унда Турсунбоев — Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз авто ҳамкор» масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчиси экани айтилиб, у ва ходимлари аҳолидан ҳеч қандай кафолат бермаган ҳолда энг камида 100 фоизлик йиллик устама билан қайтариш шарти билан миллий ва хорижий валютада пулларни қабул қилиб олган. Яъни, томонлар бирор кор-ҳол содир бўлган тақдирда пул топшираётганларнинг яқинлари уларни қайтаришни талаб қилмаслигига келишган. Қўшимча равишда, Турсунбоев ойига 40 фоизлик устама билан хорижий валютада қарзга пул бериш билан ҳам шуғулланган.

Бу каби амалиётларда иштирок этганлар сони бир неча ўн минг кишини ташкил этган. 

Турсунбоевнинг ҳисобчиси интервьюда кунлик айланма 1 млн долларни ташкил қилгани ҳақида гапириб, аввал пул топширганларга кейин топширилган пуллар ҳисобидан фоизлар тўлаб борилганини билдирган эди. 

Аҳолидан нақд пуллардан ташқари автомобиллар, қимматбаҳо буюмлар ҳар ойда фоизлар тўлаб бориш шарти билан қабул қилинган. Бу жараён ҳеч қандай расмийлаштиришларсиз олиб борилган ва фақат оддий дафтарга кимдан нима олингани ёзиб қўйилган.

Аҳолидан олинган маблағларнинг бир қисмига чет элдан турли товарлар ва қимматбаҳо буюмлар олиб келиниб, тадбиркорларга устама фоиз эвазига тарқатилган. Аҳмадбойнинг ҳашаматли уйидаги гаражда жойлашган қимматбаҳо автомобиллар: Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо русумли транспорт воситалари ҳам намойиш этилган эди. 

Шунингдек, аҳолидан 1 йилда 2та қилиб қайтариш эвазига қорамоллар ҳам қабул қилингани, улар учун фермалар ташкил этилгани маълум қилинганди. Ходимлардан бири шу мақсадда 5-6 та ферма қурилгани, уларнинг ҳар бири 5-6 минг туёқ қорамол учун мўлжаллангани ҳақида сўз юритган. 

Тезкор тадбир орқали Аҳмадбойдан ташқари унинг беш нафар ёрдамчиси ҳам қўлга олинди.

Турсунбоев ва унинг яқинлари уйларида, шунингдек, унга тегишли компаниялар офисларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 13,139 млрд сўм ҳамда 12 млн доллар нақд пул топилган эди. 

Аҳмадбой машмашасига республикадаги таниқли кишилар, артистлар, қўшиқчи ва қизиқчилар ҳам аралашиб қолгани, яъни улар ҳам фирибгарга пул беришгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бунга машҳур сўз усталарининг айримлари муносабатларини ҳам билдирмай қолмади.

Кейинчалик, молиявий фирибгар ҳалқдан олинган млрдлаб пуллар ва долларларни умуман қайтара олмаслигини айтганди. «Уникини бунга, буникини унга бериб, шу ишга кириб кетганман. Банкрот бўлдим. Пул етказиб бера олмадим. Қанча одамдан қанча пул олинганини аниқ билмайман», — деган эди Аҳмаджон Турсунбоев.

Жамиятда кучли резонансга сабаб бўлган мазкур иш ортидан Тошкент вилояти, Чиноз тумани прокурори Беҳзод Мирсоатов ҳам лавозимидан четлатилган эди.
 
Кун.uz таҳририяти ушбу фирибгарлик жинояти билан боғлиқ ишларни кузатиб борди ва 2017 йил 16 июнда Аҳмаджон Турсунбоев ушланганига бир йил тўлиши сабаб йирик мақолани эълон қилди.